Фарзандини арзимаган пулга алмаштирган онага суд ҳукми ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди. Навбатдаги суд мажлисида судланувчи аёл киши ва у панжара ортида. Чунки  аёл ўз жигаргўшасини сотиш орқали кечириб бўлмас – одам савдоси жиноятига қўл урди.

Судда аниқланишича, бу она Гулистон шаҳрида ўзи билан бирга истиқомат қилувчи вояга етмаган қиз фарзандини танишига  5.700.000 сўм эвазига сотиб юборган.  Судланувчи  суд мажлисида фарзандини сотиш мақсади бўлмаганлигини, моддий жиҳатдан қийналганлиги ҳамда яшаш жойи йўқлиги,  ҳатто фарзандининг овқати учун ҳам пул топа олмаганлигини айтди. Дорихоналардан ҳамда фарзандининг энагасидан қарздор бўлиб қолганлиги сабабли, ушбу қарзларни қоплаб бериш эвазига фарзандини сотишга мажбур бўлганлигини маълум қилди.

Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган судланувчининг бу важлари суд томонидан  инобатга олинмади. Судлов ҳайъати, судланувчи аёлнинг айби ўзи ва  гувоҳларнинг кўрсатувлари, уяли алоқа телефонидаги СМС хабарномаларни ва сўзлашувларни кўздан кечириш баённомалари ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан ўз исботини топган, деб ҳисоблади. Фарзандини арзимаган пул эвазига сотишни афзал  билган  аёлга  суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли банди билан уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Энди аёлнинг 3 йиллик  умри қамоқда ўтишидан ташқари бу аёлни бир умрга фарзанд доғи ҳам азоблаши аниқ.

Шуҳратжон Исмаилов,

вилоят судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси.