Гулистон шаҳридаги ахборот кутубхона марказида Сирдарё вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси ташаббуси билан «Оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштириш, босма нашрларнинг электрон версияларини ҳамда мобил иловаларини ишга тушириш» мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят, шаҳар, туман ҳокимликлари ва соҳалар муассислигидаги газеталарининг муҳаррирлари ҳамда марказий нашрларнинг вилоятдаги мухбирлари иштирок этди.
– Жорий 2019 йил вилоятимизнинг босма нашрларнинг обунаси жуда ачинарли аҳволда, – дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зебо Ҳайдарова. – Ҳатто баъзи туман газеталарига 100 нусхада обуна ташкил этилмаганлиги сабаб фаолиятини тўхтатди. Шу сабабдан, ўқувчиларни йўқотиб қўймаслик ва газеталарни сақлаб қолиш мақсадида вилоят ҳокимлиги нашри — «Сирдарё ҳақиқати” – “Сырдарьинская правда” газеталаридан бошлаб, барча туман ва шаҳарлар ҳамда тармоқ газеталарининг электрон шаклини ташкил этиш – юзага келган муаммонинг ечими, деган хулосага келдик.

Ҳозирча, бу газеталарнинг электрон версиясини фақат унга обуна бўлганлар махсус код калити орқали кириб ўқишлари мумкин бўлади. Таҳририятлар келгусида реклама ва эълонлардан, ҳомийлар ва обуначилар ҳисобидан маблағ ишлаб топади.

Тадбирда, шунингдек, ахборот технологиялар бўйича олий маълумотли  мутахассис, бугунги кунда “Sirdayo_Soft” хусусий фирмаси раҳбари,  “Сирдарё хабарлари” телеграмм канали маъмури Ойбек Номозов  билан бирга ахборот маконидаги ўзгаришлар, ахборот алмашиш, замонавий технологиялар билан ишлаш, янгиликларни тезкор узатиш каби долзарб масалалар муҳокама этилди.

 

Жалол Ражаб.