Гулистон шаҳридаги Билимдонлар масканида 14 январь- Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Гулистон Давлат университети ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу тадбирда Ўзбекистон Миллий гвардиясининг Гулистон шаҳрида жойлашган ҳарбий қисми вакиллари, Ҳарбий техника институти ижтимоий фанлар кафедраси мудири Алишер Хурсандов, Гулистон Давлат университетининг ёшлар бўйича проректори Фахриддин Ниёзов ва бошқалар сўзга чиқдилар.
Тадбирни университет ректори матбуот котиби Равшанбек Маҳмудов олиб борди. Тадбирда иштирок этаётган Сирдарё вилояти ўқитувчилар малакасини ошириш институти тингловчилари, университет талабалари ватанпарварликка йўғрилган оташин маьрузаларни тингладилар.
Тадбир иштирокчилари эътиборига Миллий гвардия жангчилари ижросида харбий машклардан саҳна кўриниши намойиш этилди.
Ёшлар гвардиячиларнинг жанговар чиқишларини завқу шавқ билан қаршиладилар.
Тадбир мушоирага уланиб кетди. Гулистон Давлат университетининг ёш ижодкорлари Ватан ва онага бўлган муҳаббат билан тўлиб тошган ижод намуналаридан ўқиб бердилар.
— Бундай тадбирлар Гулистон Давлат университети томонидан вилоят ҳокимлиги, ижтимоий соҳа ташкилот ва муассаса ва ташкилотлари, вилоят Маънавият маркази, матбуот ва ахборот бошқармаси билан биргаликда ой давомида тизимли ўтказиб келинмоқда, — дейди Равшанбек Маҳмудов. – Ёшларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш ва камол топтириш, тинч осмонимизга шукроналик, Алпомиш, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темурдек боболаримиздан ғурурланиш, мардлик ва шижоат, ғурур туйғуларини сингдириш ушбу тадбирларимизнинг асосий мақсадидир.

Гузаля Руслан қизи.