2  июнь —  Халқаро  велоспорт куни  муносабати  билан    Гулистон    шаҳридаги   Ислом   Каримов   номидаги  марказий   кўча    бўйлаб     веломарафон   ўтказилди.  Мусобақада   вилоятнинг   барча   корхона,  ташкилотларида   фаолиятда   бўлган    касаба   уюшма    аъзолари,  шунингдек,   маҳалла   фуқаролари  иштирок   этишди.  Мусобақа     вилоят   хотин — қизлар   қўмитаси,  касаба   уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси  ва  ҳамкор ташкилотлар  томонидан ташкил   этилди.

Велопойга   баҳсларини  ёши  улуғ   нуронийлар  дуо   билан  бошлаб  беришди.

Беллашувлар   аёллар   ва   эркаклар   ўртасида   уч   тоифа   ёш  доирасида бўлиб   ўтди.  18- 31  ёшлар  тоифасида  Сирдарё  туманилик  Эрнест  Османов  ҳамда  Ховос   тумани  вакили  Чарос   Ҳайдаровалар   марра чизиғини  биринчи  бўлиб   кесиб  ўтишди.

31 — 45ёшлар   тоифасида  Оқолтин   туманилик  Элдор  Турдиев   ҳамда  Тўлганой  Қўшбоқовалар   барчани  ортда   қолдиришди.

45  ёш   ҳамда   ундан  юқори  бўлган   ёшлар  тоифасидаги  баҳслар  ҳам  ғоят  қизғин  кечди.  Пешқадамлик  Гулистон  шаҳри   вакили   Ҳамза  Шайжигитов   ҳамда  Боёвутлик  Муқаддас  Мирзаеваларга   насиб  этди. 

Шунингдек,  “Энг  ёш  пойгачи ”  номинацияси  билан   7   ёш  Дилдорахон  Сангинова  ҳамда  “Энг  ёши  улуғ  пойгачи”   номинациясида   73   ёшли  меҳнат  фахрийси Муҳаммад   Шоюсоповлар   тақдирланишди.

— Спорт  тадбирларида  доимий   иштирок  этиб  келаман,  —  дейди  Боёвут  тумани  “Пахтакон”   маҳалласида   яшовчи  Муқаддас  Мирзаева. – Велосипед  ҳайдашни  ёшлигимда  ўрганганман.   Ёшим  50да  бўлиши,  уй   бекаси   бўлишигимга  қарамай   ҳозирда  ҳам  ҳар  куни  маҳалла   ҳудудида  велосипеддан фойдаланаман. Шунинг  учун  ҳам  ғолибликка   эришишим  қийин   кечмади.

-Велотур   мусобақаларида  кўп  йиллардан  буён   иштирок   этиб   келаман.  Республика   босқичларида  муваффақиятли  қатнашганман, —  дейди  таълим,   фан   ва   маданият  ходимлари  касаба   уюшмаси  Гулистон  шаҳар  кенгаши  ходими  Ҳамза  Шайжигитов. – Бу  йилги  пойгада ҳам  биринчилик  насиб  этганидан   хурсандман. 

-Спорт  тадбири   жуда   чиройли  ташкил  этилган, — дейди  Гулистон  шаҳар  Сайқал  маҳалласи мутахассиси  Ҳикматой  Жўрабоева.  —   Ёшим  50  да,  шунга  қарамай  набираларим   билан   велосипедда  машқ   қилиб   тураман.  Бугунги  баҳсда   2  километр    масофани  сира   қийналмасдан    босиб  ўтдим.  Ушбу   тадбир  барчага  манзур  бўлди.   Олқишлар,  байроқлар,  томошабинлар  даврасида  кечган   беллашув  таассуроти олам- олам.

Велопойга   ғолиб  ва  совриндорларига   диплом   ҳамда   эсдалик   совғалари  топширилди.

 

 

Озода  МАМАДАЛИЕВА