Инсон вояга етар экан вақти келиб бир инсон билан турмуш қуриб, оилали бўлади. Оила қуришдан кўра уни асраб қолиш қийин эканлигини, тинч-тотув оилага сабр-қаноат орқали эришиш мумкинлигини эса ҳамиша ҳам тушуниб етмаймиз. Масалан, арзимаган жанжаллар сабаб ажрашишлар ёқасига келиб қолган оилалар ҳам борки, баъзида уларнинг ҳаракатлари жиноят ёки ҳуқуқбузарлик билан якун топмоқда.

Валиевлар оиласида ҳам шундай бўлди. Яъни,  Ширин шаҳрида истиқомат қилувчи Валиева  ўзининг яқин қариндошлари билан биргаликда собиқ турмуш ўртоғи Ж.Валиев билан турмуш қуриш ниятида бўлган Гулистон шаҳрида яшовчи фуқаро Э.нинг яшаш хонадонига келишади. Валиева билан ўрталарида жанжал чиқишининг олдини олиш мақсадида профилактика инспекторини чақирган  фуқаро Э. нинг хабарига асосан маҳалла нозири тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш учун фуқаро Э. ва Валиевларни ўзининг хизмат хонасига олиб боради. Шу ерда келиб чиққан жанжал натижасида Валиев турмуш ўртоғи Валиеванинг ўнг қўл бармоғини қасддан қайириб, синдириши натижасида унга тан-жароҳати етказади. Натижада Валиева “ўнг қўл 5 — бармоғининг ёпиқ синиши, ўнг елка юмшоқ тўқималари лат ейиши” каби тан жароҳатлари билан тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилади.

Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг ҳукмига асосан Ж.Валиевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг  105-моддаси 1-қисми билан ҳар ойлик иш ҳақидан давлат даромадига  20 фоиз ушлаб қолган ҳолда, 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.  Мазкур жиноят иши 2022 йил 18 март куни судланувчи Валиевнинг шикоятига асосан Сирдарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, биринчи босқич судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди. Яъни зўравон эрнинг қилмишига яраша жазо тайинланди.

Жиноятга жазо муқаррарлигини билсада, қонунларни менсимаган ҳолда ўз зўравонлигини кўрсатаётган фуқаролардан яна бири бу  Волков бўлди. Яъни у  Гулистон туман маъмурий судининг қарорига кўра, турмуш ўртоғи Валентинани ҳақорат қилганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг  41-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Волков маъмурий жавобгарликка тортилган бўлишига қарамай, бундан ўзига тегишли  хулоса чиқармади. Гулистон тумани, Наво маҳалласида жойлашган яшаш хонадонида турмуш ўртоғи Валентина билан ўзаро жанжаллашиб қолиб, Валентина ва вояга етмаган фарзандларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаган.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон туман судининг ҳукмига кўра, Волковга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг   140-моддаси 1-қисми билан ҳар ойлик иш ҳақидан 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Мазкур жиноят иши жабрланувчи Валентинанинг шикоятига асосан Сирдарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, биринчи босқич судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Оилавий тинчлигини арзимаган сабабларни баҳона қилиб бузгани етмагандек, аёл кишига жисмоний ва маънавий зарар етказган бу зўравонлар шу зайлда қонун олдида жавоб беришига тўғри келди.

Азамат Қураматов,

Сирдарё вилоят суди  жиноят ишлари

бўйича судлов ҳайъати судьяси.