Инсоният турли даражадаги қирғинбарот урушларга, хунрезликларига  гувоҳ бўлиб келмоқда. 1939 йилда фашистлар томонидан уюштирилган Иккинчи жаҳон уруши ҳам халқлар тинчлиги, ҳаёти ва келажагига раҳна солувчи  даҳшатли ҳодиса сифатида тарихда ўчмас из қолдирди.

Бу шафқатсиз уруш миллионлаб инсонлар умрига зомин бўлди. Кўплаб шаҳару қишлоқларни вайрон қилди. Бу совуқ урушнинг совуқ оқибатлари ҳали ҳануз дилларни вайрон қилиб турибди. Фашистлар  устидан қозонилган ғалабада кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Ўзбек халқининг мард ва жасур ўғлонлари ҳам қалб амри билан тинчлик ва осойишталик учун курашга отланган эдилар.  Иккинчи жаҳон уруши давомида ва ғалабанинг дастлабки йилларида ўзбек халқи ҳам ўз бошидан ниҳоятда оғир кунларни бошидан ўтказди. Фронтга сафарбар этилган бир ярим миллиондан ортиқ  йигитларимизнинг каттагина қисми жанг майдонларида ҳалок бўлди, бедарак йўқолди ва айримлари турли даражадаги жароҳатлар билан яқинлари бағрига қайтди.

Бугунги тинч ва осойишта, тўкин ва фаровон  кунларга етиб келишимизга шарафли ҳисса қўшган, ўша мудҳиш суронли кунларни бошидан ўтказган, уруш оғирликларини мардонавор енгиб ўтган заҳматкаш,  матонатли халқимиз, тинчлигимиз посбонлари номини ёд этиш ва абадийлаштириш биз авлодлар зиммасидаги муқаддас бурчдир.

Шу боис бугун ўтганларни хотирлаб, тирикларнинг қадрига етиш бизнинг бурчимиз. Инсон улуғ, хотираси муқаддас!

Ана шу шиор остида ўқувчилар билан 9-май “Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбир ташкил қилинди. Ўғил қизларга уруш ва унинг даҳшатли оқибатлари, бугунги тинч ва дориламон кунларнинг қадри ҳақида сўзлаб берилди. Ўқувчилар  тадбирда ўзларининг уруш ва тинчлик ҳақида ёд олган шеърларини айтиб беришди, қўшиқлар ижро этишди.

.

Мавжуда Синдарова,

Сирдарё туманидаги 30-мактаб                                                                   бошланғич синф ўқитувчиси.