Савол: Бир сабаб билан нотариусга мурожаат қилгандим. Менда шу касбга қизиқиш уйғонди ва келажакда нотариус бўлишга аҳд қилдим. Кимлар нотариус бўлиши мумкин?

Жавоб: Қуйидагилар нотариус бўлиши мумкин:

Йигирма беш ёшдан кичик ва олтмиш беш ёшдан катта бўлмаган;

олий юридик маълумотга;

юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга;

нотариал идорада камида бир йил стажировка ўтаган;

малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин.

Шунингдек, Судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш талаб қилинмайди. Суриштирувчи, терговчи, прокурор, адлия органларининг иши нотариат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ходими ёки адвокат сифатида камида уч йил ишлаган шахслар, агар уларнинг ваколатлари тугатилган пайтдан эътиборан беш йил ўтмаган бўлса, олти ой муддат стажировка ўтайди.

Савол:Нотариуслар қандай ҳуқуққа эга?

Жавоб : Нотариуслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзига мурожаат қилган барча шахслар учун Қонунда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, нотариал ҳаракатни амалга ошириш жойи қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно;

битим ва аризаларнинг лойиҳаларини тузиш, ҳужжатларнинг нусхаларини ва улардан кўчирмаларни тайёрлаш, шунингдек нотариал ҳаракатларнинг амалга оширилишига доир масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш;

жисмоний ва юридик шахслардан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олиш.

давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни сўраш ҳамда олиш;

жисмоний ва юридик шахслар номидан тегишли давлат органларига мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга ошириш учун, шунингдек ҳужжатларнинг чет элда амал қилиши учун мазкур органлар томонидан расмийлаштирилган ҳужжатларни олган ҳолда ҳужжатларни легаллаштириш учун мурожаат қилиш.

Саволга Сирдарё туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Барно ИСЛОМОВА жавоб берди.