Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини кафолатини таьминлаш, шунингдек, хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида юртимизда бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Президентимиз томонидан 8 март-Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида имзоланган “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида» ги ПҚ-4235- сон Қарори ҳам жамиятимизда аёлларга бўлган эътиборнинг нақадар юксалиб бораётганидан далолатдир.
Яқинда Ширин шаҳар адлия бўлими томонидан шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ҳамда маьнавият ва маърифат бўлими билан ҳамкорликда Ширин шаҳар тиббиёт бирлашмасида ўтказилган тарғибот тадбирида ҳам сўз ана шу ҳақда борди. Дастлаб, шаҳар адлия бўлими бошлиғи Шавкат Норқулов 2019 йил 7 мартдаги » Хотин-қизларнинг мехнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида» ги ПҚ-4235- сон Қарорининг мазмун-моҳиятини батафсил сўзлаб берди. Ушбу қарорнинг муҳим жиҳатлари акс эттирилган буклетлар тарқатилди. Тадбир савол-жавобларга бой бўлди.
— Бундай тадбирларни шаҳримизнинг ҳар бир ташкилот ва муассасаси, шунингдек, маҳаллаларда ҳам ўтказамиз. Ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда унда аёлларга берилган имтиёзларни тарғибот қилишда шаҳар адлия бўлими бизнинг энг яқин ҳамкоримиз бўлади, — дейди шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Усмонова.