Ўзбекистон “Адолат”СДП Сирдарё вилоятидаги туман, шаҳар Кенгашлари жорий йилда ҳам ўз вазифаларига фидойилик асосида ёндашиб, бир қанча ижобий ишларни амалга оширишаётганликларини кўриш мумкин. Жумладан, буни Ширин шаҳар Кенгаши фаолияти мисолида олиб айтадиган бўлсак, ижобий ўзгаришлар  ўз самарасини бераётганини жойларда олиб борилган  бир қанча ишлар мисолида ҳам яққол кузатиш мумкин.

Халқ депутатлари Ширин шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳларида олиб борилаётган ишларда бу натижалар ўз тасдиғини топмоқда. Хусусан, Халқ депутатлари Ширин шаҳар Кенгаши депутати Шуҳрат Салиевнинг жойларда олиб борган ўрганишларига кўра Ширин шаҳри ҳудудидаги дала ҳовлиларда яшовчи аҳолига суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилиши зарур эканлиги аниқланди. Шу асосда Шириншаҳаргаз филиали раҳбари Нуриддин Мамаризаевга депутатлик сўрови киритилиб, масала ижобий ҳал этилди, яъни тегишли жойга суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди. Бунинг натижасида ушбу жойда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари депутат    Ш. Салиевнинг бу ёрдамидан мамнун бўлишди. Халқ депутатлари Ширин шаҳар Кенгаши депутати Нигора Расуловага эса Ширин шаҳар Дўстлик маҳалласи 12 уй 1 хонадонннинг ертўласини таъмирлаш бўйича амалий кўмак сўраб мурожаат қилинганда ушбу масала юзасидан депутат “Ширин Зарбдор сервис” ХУЖМШУ раиси Р. Бекмуродовга депутатлик сўрови киритди. Депутат Н. Расулованинг жонкуярлиги билан ушбу уйнинг ертўласи таъмирлаб берилди ва муаммо ҳал этилди.

Халқ депутатлари Ширин шаҳар Кенгаши депутати Матлуба Раҳмонқулова ҳам фидойи ва ўз ишида фаол депутатларимиздан бири ҳисобланади. Шаҳардаги таълим муассасаларида ташкил этилган тиббий хизматларнинг бугунги кундаги аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси унинг диққатини тортган масалалардан бири бўлди. Таълим муассасаларидаги ушбу ҳолат бўйича аҳвол тегишлича ўрганиб чиқилиб, шаҳар Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Баҳодир Раҳмоновга таълим даргоҳларида тиббий хизматларнинг қониқарли ташкил этилиши юзасидан депутатлик сўрови киритди. Бунинг натижасида шаҳардаги таълим муассасалари сифатли тиббий хизматлар билан тўлиқ қамраб олиниб, ёш авлодга замонавий кўринишдаги тиббий хизматлар кўрсатиш ишлари жорий этилди.

Шу билан биргаликда, Ширин шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари ўзларига бириктирилган округларда бўлишиб, бевосида сайловчилар билан мулоқотлар олиб бордилар. Мулоқотларда халқни қийнаб келаётган муаммолар, уларнинг сиртига чиқариб айтолмаётган дардлари ва саволлари тингланиб, уларнинг ҳар бири атрофлича ўрганилган ҳолда ҳал қилиш ишлари белгиланди.

Халқ депутатлари Ширин шаҳар Кенгашининг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида бажараётган ишларини ҳам муносиб баҳолаш даркор. Жумладан, бу борада депутат Ойзода Эгамбердиева 23 октябрь куни шаҳарда жойлашган  3 мактаб биносида бўлиб учрашув ташкил этди. Учрашувда йиғилганлар лойиҳа бўйича қилинаётган ишлар кўлами ва дастурда белгиланган ишлар мазмуни билан таништирилиб, тушунтиришлар олиб борилди. Бу каби аниқ фактларни яна кўплаб давом эттириш мумкин.

Бу амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда, Ширин шаҳар кенгаши ва депутатлик гуруҳи аъзоларининг фаолиятида бир қатор камчиликларни ҳам кузатиш мумкин. Чунончи, партия депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан шаҳар Кенгаши сессиялари ва доимий комиссиялар мажлислари кун тартиби муҳокамасига бирорта ҳам масала киритмаганлиги, мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилмаганлиги гуруҳ аъзоларининг ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаётганлигини билдиради.  Шунингдек, депутатлик гуруҳининг амалга оширган ишлари бирорта  ОАВда ёритиб борилмаган. Бу маҳаллий партия ташкилоти ва депутатлик гуруҳининг бир-бирлари билан боғлиқ ҳолда иш олиб бормаганлигини кўрсатади. Бу эса ушбу вазифаларга масъул бўлган Ширин шаҳар Кенгаши ходимларининг мазкур жиҳатларга эътибор бермай, сусткашлик қилганликларидан далолат.

Бу ҳал этилмаган муаммолар қачон ўз ечимини топаркин деган қарашга, аввало,  ушбу ҳудуд вакилларининг қачонки, ўз масъулиятларини тўлиқ ҳис этган ҳолда халққа манфаат етказиб ишлаш сайловчилар олдидаги бирламчи вазифа эканлигини тўлиқ англаб етганларида деб, айтиш мумкин. Биз бу масала бўйича уларнинг тегишли жавоб ва ишларини кутиб қоламиз.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА.