Гулистон шаҳрида “Камалак» юлдузлари” республика болалар ижодиёти фестивалининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг “Камалак” болалар ташкилоти ташаббуси ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган тадбирда 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган сирдарёлик ўғил-қизлар олти йўналиш бўйича ўз маҳоратини намойиш этдилар.

Давлатимиз томонидан ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама шароитлар яратиш, ўлкамизнинг энг чекка ҳудудлардаги иқтидорли болажонларнинг истеъдодини катта саҳнада намоён этишлари учун имкон бериш – бугунги республика болалар ижодиёти фестивалининг асосий мақсад ва вазифаларидан экани таъкидланди.

Ушбу фестивалнинг қуйи босқичларида баҳслашган 3 мингдан зиёд иштирокчи орасидан ғолибликни қўлга киритган 304 нафар ёш иқтидор эгалари мумтоз ва замонавий қўшиқчилик, мусиқа асбоблари ижрочилиги, тасвирий ва амалий санъат, рақс, наср ҳамда назм каби йўналишларда яна бир бор нуфузли комиссиянинг синовдан ўтди. Тажрибали ҳакамлар ҳайъати эса, иштирокчиларнинг қобилиятларни белгиланган низом асосида адолатли баҳолаб борди.

– Бугунги фестивалда иштирок этган барча рақибларим жуда кучли экан, – дейди назм йўналиши ғолибаси Роҳила Муродова. – Ушбу фестивалга устозларимнинг қатъий назорати остида юқори тайёргарлик кўриб келганим, адабиётга, шеъриятга бўлган муҳаббат бугунги ғалабамга замин бўлди, деб ўйлайман.Биринчи синфлигимдан бери шеър ёзаман. Яқинда “Жилға” номли китобим нашрдан чиқди. Республика босқичига устозларим қўлостида янада жиддийроқ тайёргарлик кўриб, фестивалда муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламан.

Фестивалга вилоятнинг 8 тумани ва 3 шаҳаридан ташриф буюрган барча иштирокчилар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Ғолиблар номи эълон қилинди. Эндиликда уларга ғолибликни англатувчи диплом ва статуэткалар Янги йил арафасида вилоят сардорлари томонидан ташкил этиладиган “Сардорлар янги йили” байрам дастурида тантанали равишда топшириладиган бўлди.

Жалол Ражаб.