Оналик аёл учун берилган энг олий неъматлардан бири, десак муболаға бўлмайди. Афсуски, жамиятда шундай оналар ҳам учрайдики, ўз фарзандини кимгадир қолдириб, ҳорижга ишга кетишни мақбул  йўл деб танлайди. Мўмай даромад топиб, ортга қайтганида эса оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлганини англаб етади. Ўз вақтида хатосини англаган аёллар учун эса миллий қонунчилигимизга асосан имконият берилиши эса оналик ҳуқуқи билан бир қаторда оналик бахтини ҳам қайтариб берилишини таъминлайди.

Фуқаролик ишлари бўйича Оқолтин туманлараро судининг навбатдаги суд мажлисида ҳам ўз хатосини англаб етган онага нисбатан ана шундай имконият берилди. 2022 йилда даъвогар Алимова фуқаролик ишлари бўйича Оқолтин туманлараро  судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. Унда бир нафар фарзанди борлигини, 2016 йилда оилавий ва моддий аҳволини яхшилаш мақсадида фарзандини онаси ва синглисига қолдириб Қозоғистон Республикасига ишлаш учун кетганлигини баён қилди. Натижада фарзандига етарлича тарбия ва меҳр бера олмаганлиги ва уни қаровсиз қолдирганлигини тан олди.                       У Қозоғистон Республикасида бўлган вақтида эса  синглиси Б.Раупова турмуш қурганлиги, онаси касал бўлиб қолганлиги сабабли фарзандини болалар уйига топширганлигини, ҳозирги кунда оилавий шароити яхши эканлигини, фарзандини ўзи тарбия қилишга ва вояга етказишга имконияти етарли эканлигини, ҳаётининг қолган вақтларини фарзанди билан ўтказишни, фарзандининг келажаги учун барча шароитларни яратиб беришлигини билдириб, фарзандига нисбатан оналик ҳуқуқини тиклашни ва фарзандини ўз тарбиясига олиб беришни сўради.

Суд мажлисида сўралган Оқолтин туман ҳокимлиги болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси мутахассиси А.Ўнғоров ҳам  мутахассислар томонидан даъвогарнинг турмуш тарзи ва яшаш шароити ўрганилганлигини, ўрганишда даъвогарни оналик ҳуқуқлари чекланишига асос бўлган ҳолатлар барҳам топганлигини, фарзандини тарбиялаш учун шароитга эга эканлигини тасдиқлади.

Суд тарафларнинг тушунтиришларини, прокурорнинг даъвони қаноатлантириш ҳақидаги фикрини тинглаб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, Алимовани 2009 йил 16 апрелда туғилган вояга етмаган фарзандига нисбатан оналик ҳуқуқи чекланишини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилди.  Яъни Алимова энди ўз фарзандини бағрига босиши ва у билан биргаликда яшаши мумкин. Энг муҳими энди у оналик ҳуқуқи ва бахти нечоғлик  омонат  эканлигини англаб етди.

 

Рамиз Сапаров,

Фуқаролик ишлари бўйича Оқолтин туманлараро судининг             раиси.