Ҳозирги кунда  кўплаб мамлакатлар тиббий суғуртага ўтмоқда. Уларнинг асосий мақсади – беморларга сифатли тиббий ва профилактик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш учун мажбурий тиббий суғурталаш тизимини молиялаштиришдир. Бизнинг мамлакатимизда ҳам кўплаб хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибалари асосида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилган.

Табиийки, инсонлар ўртасида  суғуртадан аҳолига нима фойда, деган савол туғилиши эҳтимолдан холи эмас.

Оддий қилиб айтсак, суғуртани маълум бир маблағ эвазига сени сақлаймиз, кафолатланган хизмат кўрсатамиз, деган маънода тушуниш мумкин. Яъни,эндиликда давлат ҳисобидан ҳар бир фуқаронинг саломатлиги суғурта қилинмоқда. Бунда аҳоли пул тўламайди. Давлат ҳар бир босқичда аввалги каби тиббий хизматни бепул кафолатлайди. Шундан суғурта маъноси келиб чиқмоқда. Бизнинг вазифамиз эса давлатнинг пули эвазига аҳолининг соғлиғини сақлаш. Шу ўринда Давлат аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматни кафолатлаяпти, деб алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим.

Раҳбаримиз менга “ Давлат тиббий сугуртаси жамғармасига ишга       ўтасанми?” , деган таклифни бериб қолди. Тиббий суғурта ҳақидаги барча маълумотларни ўрганиб , Президентимизнинг бу борадаги  Фармон ва Қарорлари билан танишиб чиқиб бу ҳақда янада кенг маълумотга эга бўлгач  шу жамғармага ишга кирдим. Иш жараёнида  имтиёзли тоифага кирувчи беморларга юқори технологик операциялар ўтказилиб,операцияга кетадиган харажатларни тиббий суғурта томонидан қоплаб берилаётганлигининг гувоҳи бўлдим. Ҳозирги кунда мен аҳоли орасида тиббий суғуртанинг афзаллик жиҳатлари ҳақида, бу борада имтиёзга эга бўлган аҳоли қатламини жамғарма билан шартнома қилинган муассасаларга юборишда уларга яқиндан кўмак бериб келмоқдаман. Бир сўз билан айтганда инсонларга, айниқса, беморларга беминнат ёрдам бераётганимдан мамнунман.Бундан кейин бу борада аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан тўхтамайман. Чунки, ҳар бир инсон соғлом ҳаёт кечиришга ва сифатли тиббий хизматдан фойдаланишга ҳақлидир. Айнан давлат тиббий суғартаси аҳолига беминнат сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда. Менинг бугунги кунда ўз ишимдан қониқиш олиш, одамларга нафим тегишига сабабчи бўлаёган инсонлар Зохид Эрматов , Умида Газиева , Шухрат Алимардоновлардан ўзимга керакли билим, кўникмаларни олаётганлигимдан , савоб ишга бош қўшаётганлигимдан мамнунман.

Дилором ЭРГАШЕВА,
даволаш профилактика ёрдамини ташкил этиш бўлими бош мутахассиси.