Сирдарё туманидаги 12 сонли Мусиқа ва санъат мактабида  “Экстремизм ва терроризм миссионерлик ғояларига қарши маънавий-маърифий, тасвирий тарғибот тадбири” бўлиб ўтди. Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё тумани бўлинмаси томонидан ташкил этилган тадбирда мактабларнинг маънавий-марифий ишлар бўйича дирпектор ўринбосарлари, ижодий маданий масалалар бўйича тарғиботчилар ҳамда ёшлар қатнашди.

Мамлакатимиз азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаб келаётган ўлка ҳисобланади. Аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат ва иззат билан муносабатда бўлган. Турли миллат ва элат вакилларининг Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилиб келаётганликлари ҳам тарихий манбаларда  қайд этилган.

Аммо дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, қонли тўқнашувлар,  низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчамизни  ташвиш ва хавотирга солмай қўймайди. Ушбу ҳолат давлатнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъий назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар азиз неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда.

Диний экстремизм дунёдаги деярли барча мамлакатларда шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфааатларига таҳдид солиб келмоқда.  Жумладан, диний экстремистик оқим таркибига кириб қолган шахс, аввало

оиласи, қариндош-уруғлари ва яқин инсонларидан маҳрум бўлади. Жамиятдаги ижтимоий мавқеини йўқотади.Чуқур илм олиш, яхши касб эгаси бўлиш ва ҳаётда муносиб ўрин эгаллаш имкониятларидан айрилади. Умри қамоқда ёки ўзга юртларда хор-зор ва саргардонликда ўтади. Ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари олдидаги инсоний мажбуриятларини бажара олмайди.

Ҳушёрлик ва огоҳлик бугунги давр талаби. Афсуски, ҳаётимизда содир бўлаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларни кўриб кўрмасликка оладиган, тинчликни сақлаш фақат давлатнинг иши деб ўйлайдиганлар, фарзандларининг тарбияси билан қизиқмайдиган ота-оналар ҳам борлигини қайд этиш лозим. Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят мамлакатда осойишталик бўлади, юрт равнақ топади. Фарзандларимизнинг илмий савиялари, касбу-хунарлари билан ахлоқий фазилатларини ҳам ўстириб боришимиз керак. Ёш авлоднинг турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш тўғрисида ғамхўрлик фақат ҳукуматимиз ёки таълим муассасаларининг вазифаси эмас, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам муҳим бурчларидан биридир.

Шундай экан, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, унинг мустақиллиги ва барқарорлигига муносиб ҳиссамизни қўшиш – ҳар биримизнинг, шу азиз Ватанда яшаётган барча фуқароларнинг, давлат ёки жамоат ташкилотида ишлаши, тадбиркор ёки бошқа касб эгаси бўлишидан қатъий назар, энг асосий вазифаларидан бўлиб қолмоғи лозим.

Тадбирда республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов иштирок этди ва мавзуга оид маъруза қилди.  Иштирокчилар тадбир асносида диний экстремизм ғояларига берилишнинг оқибатларига оид видеофилм томоша қилдилар.

Мамиров Маъруфжон Фахриддин ўғли,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё тумани бош мутахассиси.