Мирзаобод қурилиш ва уй жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежида O’zLiDeP Мирзаобод туман Кенгаши томонидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси юзасидан “Конституция ва ёшлар” мавзусида ўқув-семинари ташкил этилди.

Ўқув-семинарда O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгашининг Мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири Д.Тўрақулов, Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Ҳ.Жабборов, Сиёсий таълим маркази раҳбари Х.Ортиқбоев, БПТ билан ишлаш гуруҳи раҳбари Р.Абдусамиев, депутатлар, “Ёшлар қаноти” гуруҳи фаоллари, коллеж ўқувчилари иштирок этди.

Ўқув-семинарни Мирзаобод қурилиш ва уй жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи директори ўринбосари Фурқат Тоғаев очди ва олиб борди.

Дастлаб O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири Д.Тўрақулов сўзга чиқиб, асосий Қонунимиз кўплаб демократик давлатларда конституциявий қурилиш соҳасидаги илғор тажрибанинг энг яхши жиҳатларини, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг умумэътироф этилган нормалари ҳамда мазкур соҳадаги бошқа халқаро ҳужжатларга асосланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмини ўзида мужассам этганлигини қайд этди.

Қайд этилганидек, юрт тинчлиги, ватан равнақи ва халқимиз фаровонлиги, комил инсонни тарбиялаш, ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлаш борасида қандай улкан муваффақиятларга эришган бўлсак, бу Конституциямиз туфайлидир. Бош қомусимиз инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий-иқтисодий ҳамда ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлайди.

O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Ҳ.Жабборов таъкидлаганидек, Бош Қомусимиз мустақил ва эркин ҳаёт кечириш, мамлакатимизни ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб чиқиш, энг асосийси, инсон ва унинг қадр-қимматини ҳар нарсадан устун қўйиш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиб бериш каби принцип ва қоидалари билан аҳамиятли ҳисобланади.

Бош қомусимизнинг мазмун-моҳияти, ёшлар ҳаётида тутган ўрни, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишдаги аҳамияти, хусусан кейинги йиллардаги шиддатли ўзгаришлар, янгиланишлар боис, унга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги ҳақида тушунтириб ўтилди.

Тадбир давомида ўқувчи ёшларнинг қонунчиликка оид билимларини бойитиш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларга Конституциямизнинг мазмун-моҳияти ҳақида кенг тушунчалар берилди ва иштирокчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар олишди.

 

 

Хабибулла Сулайманов,

O’zLiDeP Мирзаобод туман Кенгаши

Аппарат раҳбари