Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» ги  Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» ги  қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида туризм фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Туризм фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ҳудудий бошқармалари, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри туризмни ривожлантириш департаментлари томонидан амалга оширилади.  

Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган, лицензияловчи органга туризм фаолиятини амалга оширишга лицензия бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган юридик шахс (туризм операторлари, туризм агентликлари, экскурсия ташкилотлари, туризм фирмалари) (кейинги ўринларда лицензия талабгори деб аталади) лицензия талабгори бўлиши мумкин.

Туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар туризм хизматлари кўрсатиш шартномаси шартларига мувофиқ турларни ташкил этиш бўйича хизматлар, жумладан банд (бронь) қилиш, жойлаштириш, ташиш, овқатланишни ташкиллаштириш, шунингдек рекреация, экскурсия ва бошқа хизматлар кўрсатувчи лицензия талабгорларига берилади.Бунда экскурсия хизматлари кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш талаб этилмайди.

Лицензияловчи орган лицензияни  чиқиш туризми — Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикасидан ташқарида  ҳамда кириш туризми — Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий яшовчи жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида  фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқлари  учун беради.

Шунингдек, лицензияловчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади.

Лицензия талабгоридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди. Лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга бевосита, олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта ёки электрон алоқа воситаси орқали тақдим этилади.

Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия талабгорининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Лицензия олиш учун лицензияловчи органга юборилган ҳужжатлар лицензияловчи орган масъул ходими томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).

Нотўғри ёки бузиб кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

 

                    Анорбой ТУРСУНОВ,

Сардоба туман давлат хизматлари маркази директори