Фуқаролар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини жойида бартараф этиш – Гулистон шаҳар прокуратураси фаолиятининг асосий мезонига айланган, десак муболаға бўлмайди.

Бу борадаги асосий эътибор – “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талаблари ижросига қаратилган.

Ўтган 2018 йилда Гулистон шаҳар прокуратурасига жами 1 минг 664 нафар юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари келиб тушган.

– Ушбу мурожаатларнинг 1 минг 184 таси жойида ҳал қилинди, – дейди Гулистон шаҳар прокурорининг ўринбосари Одил Мусаев. – Фуқароларимиз томонидан кўтарилган масалаларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан буларнинг 230 таси қаноатлантирилди ва 954 нафар ҳамюртларимизга атрофлича тушунтириш берилди.

Мурожаатлар асосида аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 13 та протест келтирилган бўлиб, 8 нафар шахс интизомий, 6 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 10 та жиноят иши қўзғатилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида 73 миллион 500 минг сўмлик 5 та даъво аризалари фуқаролик судларига киритилиб, етказилган 102 миллион 800 минг сўмлик зарар ихтиёрий равишда қопланишга эришилди. Мурожаатларнинг кўриб чиқиш натижалари бўйича, жами 113 шахснинг, шу жумладан 6 нафар юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.

Шу ўринда, шаҳар прокуратурасига фуқаролар томонидан қилинган мурожаатларнинг асосий қисми ижтимоий, иқтисодий, маиший, молиявий, хўжалик, оилавий ва бошқа масалалар юзасидан бўлиб, ушбу муаммолар прокуратуранинг бевосита аралашуви билан ижобий ҳал қилинганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

– Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган мурожаатномасида таъкидланганларидек, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя фаолиятимиз мезонига айланиши лозим ва шарт, – дейди Гулистон шаҳар прокурори Сарвар Бозоров. – Бу таъкид нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари, балки эгаллаб турган мансаб-лавозимидан қатъйи назар, ҳар бир идора раҳбари ва ходимга ҳам бирдек таллауқлидир.

Афсуски, фуқароларимизнинг бизга қилган мурожаатларини ўша ташкилот, корхона, муассасанинг ўзида, ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва ҳоказо ташкилотларгача кўтармай бартараф этиш мумкинлиги, ҳали-ҳамон баъзи раҳбарларимиз эскича услубдан қутила олмаётганидан далолат беради.

Дарҳақиқат, мурожаатларга эътибор қаратадиган бўлсак, уй-жой ҳужжатларини ўз номига расмийлаштиришда мутасадди идорадаги буюрократик тўсиқлар хусусидаги, ижтимоий нафақа олишдаги адолатсизлик ҳақида, болалар учун тўланадиган нафақа тайинланмаслик юзасидан, кредит маблағлари олишдаги муаммолар баёни, ишга жойлашиши учун амалий ёрдам бериш тўғрисидагиларни учратиш мумкин.

– Ойлик иш ҳақимни олаолмай, роса овора бўлдим. Шаҳримиздаги бормаган жойим, учрамаган идорам қолмади. Охири шаҳар прокурорига мурожаат қилдим. Минг раҳмат, ойлаб ечилмаган муаммони 10 кунда ҳал қилиб бериди, – дейди шаҳардаги Навбаҳор маҳалласида яшовчи Н.Қодирова.

– Халқ банки шаҳар бўлимидан иссиқхона очиш учун кредит оламан, деб роса 4 ой югурдим. Ҳали “Ҳужжатингизни униси нотўғри”, ҳали “Фалон маълумотноманизни муддати ўтибди”, ҳали “Кредит тугаб қолди” деган баҳонадан нари ўтишмади. Фақат, шаҳар прокуратураси аралашгач, масала ижобий томонга ўзгарди, – дейди Ёшлик маҳалласида яшовчи М.Ташматова.

– Оилада нималар бўлмайди, дейсиз. Ўз уйимда турмуш ўртоғим билан арзимаган нарса туфайли жандаллашиб қолдик. Турмуш ўртоғим, “Бир тавбасига таянсин!” деб, болаларимни олиб отамникига бориб, ишга ўша ердан қатнадим. Бирга ишлайдиган ён қўшним, ишхонага келиб нима деган, нима қўйган, билмайман. Мени шу баҳона бўлиб, ишдан бўатишди. Ишхонамиз юристи ҳам, бошланғич касаба уюшма қўмитаси ҳам раҳбарни ҳақ деб кўрсатди. Охир шаҳар прокуратурасига муржоаат қилишга мажбур бўлдим. Худога, шукур, адолат бор экан. Ишга қайта тикландим, ана шундай адолат посбонларига минг раҳмат, – дейди Буюк келажак маҳалласида истиқомат қилучи М.Туротова.

Прокуратурага қилинган мурожаатлар орасида анчагина ўткир муаммолар ҳам йўқ эмас экан. Масалан, фуқарога тегишли бўлган пул ва бошқа моддий қимматликларни фирибгарлик йўли билан ўзгалар томонидан ўзлаштириб олиш ҳолати, фарзандини мактабгача таълим муассасасига ёки тиббиёт коллежини битирган қизини ишга жойлаштириш ва ёки беморда жарроҳлик амалиётини ўташ учун яқинларидан пора талаб қилиш каби коррупция ҳолатларини ҳам афсуски, кўриш мумкин.

Булардан ташқари, ўтган 2018 йил давомида, тегишли мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида Гулистон шаҳар “Халқ қабулхонаси”да шаҳар прокуратураси вакиллари томонидан, жами 944 нафар жисмоний ва юридик шахслар қабули ташкил этилди. Фуқаролар қабулидаги кўтарилган 217 масала шахсан шаҳар прокурори С.Бозоров томонидан, 155 масала шаҳар прокурори ўринбосарлари томонидан ижобий ҳал қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Хулоса қилиб айтганда, Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари шаҳар прокуратурасининг доимий назорати ва эътибори марказида.

 

         А.ҚАЮМОВ