Асли жиззахлик бўлган Воҳид Оқолтин туманидаги  хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси лавозимида ишлаб келаётган эди. Икки маротаба судланиб ҳам  жиноятга жазо муқаррарлигини тушуниб етмаган бу йигит ваколатини суъистеъмол қилиб, пудратчи ва буюртмачи ўртасида тузилган пудрат шартномаси шартларини бажармади. Яъни, пудрат шартномасида кўрсатилган  Оқолтин тумани, “Аҳиллик” маҳалласи, “Туркистон” кўчасида жойлашган олтита  кўп қаватли уйларда “Обод қишлоқ” давлат дастури бўйича таъмирлаш ва тиклаш ишларини бажариши лозим эди. Ана шу мақсадда АТБ “Халқ банки” Оқолтин тумани филиали томонидан ажратилган кредит маблағларининг  490.000.000 сўм пул маблағларини пудратчининг ҳисоб-рақамига ўтказиб берилишига эришди. МЧЖ раҳбари Баҳодир билан  тил бириктириб, олтита уйларни таъмирлаш ишларига жами 181.761.821 сўмлик, аслида бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиб,  кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилди. Шу ўринда унга ҳамтовоқлик қилган Баҳодир ҳақида ҳам икки оғиз сўз. У Қашқадарё вилоятида туғилган.  Тошкент шаҳрида ўзининг жиноий ишларини муқаддам ҳам содир қилиб, икки маротаба судланиб чиққан. Бошидан ўтказган “саргузашт”ларидан тўғри хулоса чиқармаган бу шахс  Воҳиднинг  қинғир иш режасига “сценарий” ёзиб берганди.

Энг қизиғи, суд мажлисида сўроқ қилинган бу икки шерик ҳужжатларни сохталаштиришда кимнинг айби кўпроқ эканлигини исботлашга уринди. Бу билан улар ўзларини оқлаш учун йўл қидиришди. Суд гувоҳларнинг кўрсатувлари, ўтказилган текшириш ва назорат ишларига оид далолатномалар ҳамда ишдаги мавжуд далиллар билан бир қаторда жиноят туфайли етказилган зарарлар тўла қопланганини инобатга олиб, жазо тайинлади. Яъни, Воҳидга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан  узил-кесил икки йил муддатга давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уч йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Унинг шериги Баҳодирга эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил, иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан икки йилу олти ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Бу икки судланувчи томонидан  етказилган зарарлар тўла қопланди. Хулоса қилиб айтганда, улар томонидан амалга оиширилиши лозим бўлган  “сценарий” ўхшамади, бир сўз билан айтганда тузилган режа икки томонга ҳам қимматга тушди.

 

Зафаржон Расулов,

Жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг раиси.