Кучиева Зухра Исроил қизи . Сирдарё туман касб-ҳунар мактабининг иккинчи босқич ўқувчиси. Зуҳра касб-ҳунар мактабида тикувчилик йўналишида таҳсил олмоқда. У касб-ҳунар мактабининг иқтидорли, қўли гул ўқувчиларидан бири ҳисобланади. У турли йўналишларда ижод қилади. Расм чизишда фақатгина қоғозлардан фойдаланибгина қолмай, турли матоларда меҳнаткаш хотин-қизлар образини, гўзал табиат манзараларини яратади… Унинг яна бир шундай қобилияти борки, миллий ва замонавийликни ўзида уйғунлаштирган ҳолда тиккан либослари беихтиёр ҳавасингизни келтиради.

Шунингдек, Зухра Исроил қизида ўзи яратган либосларни сўнгги русумда подюмбоп милтаж йўналишида ярата олиш қобилиятининг мужассамлиги ҳам кишини ҳайратга солади. У амалий санъатнинг бир қатор йўналишларида бирдек ижод қилишни орзу қилади ва шунинг учун ҳам  изланишдан, ўқиб-ўрганишдан тўхтамайди. Мунчоқлардан антиқа совғалар тайёрлайди. Сувенирлар ясайди. Рангли қоғозлардан ясаган нафис гуллар кишида ўзгача кайфият уйғотади.

Зухра Исроил қизи ёш бўлишига қарамай тадиркорлик қобилиятига ҳам эга. У тумандаги мактабгача таълим ташкилотларини ўз санъат асарлари билан безашга  кўмаклашади. Турли кўргазмали қуроллар ясаб беради.

Бугунги кунда Сирдарё касб-ҳунар мактабининг иккинчи босқич ўқувчиси бўлган Зухра туман, вилоят миқёсида ўтказиладиган турли тадбирларда ўз экспонатлари, яратган санъат асарлари билан иштирок этиш баробарида , турли танловларда ҳам муваффақиятли қатнашиб келмоқда.

Ўз устида тинмай ишлайдиган ва халқ амалий санъатининг бир қанча йўналишларини ўзлаштирган Кучиева Зухра Исроил қизи келгусида  устоз-шогирд анъанасини давом эттириш ниятида.

Фарзона Отахонова,

Сирдарё касб-ҳунар мактаби ўқитувчиси