Ширин шаҳридаги Н- ҳарбий қисм ҳудудида Сирдарё вилоятидаги ҳарбий қисмлар  хизматчиларининг оила аьзолари учун мехнат ярмаркаси ўтказилди.

Вилоят ҳокими ўринбосари,  хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова бошчилигидаги туман-шаҳар  қўмита раислари ярмаркага қўйилган кўргазмалар билан танишдилар.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси,  республика Мудофаа вазирлиги, Ширин шаҳар ҳокимлиги  ва вилоят Бандлик бош бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ҳамда “Ҳунарманд”  уюшмаси ҳамкорликда ўтказган ярмаркада 45 та корхона, муассаса ва ташкилотдаги  2224 та бўш иш ўрни таклиф этилди. Шундан 655 таси ўрта-махсус ўқув юртлари битирган ҳарбийлар оилалари учун ташкил этилган.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ширин шаҳар ҳокими Илҳом Бегалиев ва вилоят ҳокими ўринбосари,  хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова сўзга чиқдилар. Маърузачилар мамлакатимизда  аҳолини иш билан таьминлашга, айниқса, бу борада  ҳарбийлар оилаларига  кўрсатилаётган эътибор,  ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқларининг бандлигини таъминлаш масалалари ҳақида сўзладилар.

— Ҳарбийлар оилаларига 45 та ташкилот ва корхона, муассасалар ўзларида мавжуд иш ўринларини  таклиф этишди, бунда биз иш ўринларининг хотин-қизлар учунлиги, ҳамда айнан ҳарбий қисм шаҳарчасида яшовчи ишсиз аёллар учунлигини эьтиборга олдик, — дейди вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари Азизбек Ғойибназаров. — Ўйлайманки, таклиф этилаётган иш ўринлари аёлларимизга маъқул келади.

Тадбир Ширин шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш маскани томонидан тайёрланган  концерт дастурига уланиб кетди. Иштирокчилар Ширин шаҳар болалар мусиқа ва санҳат мактаби ўқувчиси Бобуржон Эдилбеков томонидан ижро этилган » Бу ватан манимдур» қўшиғини олқишлар билан қаршиладилар.

-Турмуш ўртоғим ҳарбий хизматчи, — дейди Мавлуда Эсонқулова. — Ўзим ўрта-махсус ўқув юртини тамомлаганман. Мутахассислигим  ҳамшира, меҳнат ярмаркасида ўзимга мос иш топаман, деган умиддаман.

Ҳарбий шаҳарчада 1 январдан маҳалла фуқаролар йиғини ташкил этиляпти, менга котиба лавозимини таклиф этишди. Ишли бўлганимдан жуда хурсандман. 4 нафар фарзандим бор, мактаб ва боғчага боришади, ҳамма шароит бор. Ташкилотчиларга минг раҳмат!

Ширин ҳарбий шаҳарчасида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчи турмуш ўртоғи Сайёра Намозованинг хонадонида бўлган вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова унинг оиласи, фарзандлари учун яратилган шароитлар билан танишди. Асли касби ҳисобчи бўлган Сайера ўғиллари Ғайбуллажон ва Нурмуҳаммаджонларнинг ютуқлари билан таништирди.

— Ҳозирча фарзанд тарбияси билан машғулман, — дейди уй бекаси. — Ўзимга мос иш топсам, ишлайман, албатта. Икки ўғлим математика ва инглиз тилига жуда қизиқади. Уларнинг ўқиш-ўрганишларини рағбатлантириб бораман, ютуқлари билан фахрланаман.

— Тадбир давомида 104 нафар ҳарбий хизматчилар аёллари ишли бўлди, — дейди Ширин шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Усмонова. – Ҳарбийлар шаҳарчасида барча шароит мавжуд, болалар учун боғча, мактаб, ишга чиққан хотин-қизларнинг бу тарафлама муаммолари бўлмайди. Муҳими, уларнинг жамият ҳаётида фаол қатнашишлари таъминланди.

 

Гузаля Мамедова.