Сирдарё вилоятида 2017 йилда турли даражадаги жинояитлар сони 2 минг 591 тани ташкил этган бўлса, 2018 йил давомида уларнинг сони 1 минг 295 та бўлиб, жиноятчилик роппа-роса 50 фоизга камайди.

Гулистон шаҳрида вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан ўз ҳудудида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва аҳоли осойишталигини таъминлашда фаоллик ва ҳамжиҳатлик кўрсатган бир гуруҳ профилактика инспекторлари ва фаолларини мукофотлаш маросими бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, давлат хавфсизлиги, божхона, солиқ идоралари, хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаши, “Маҳалла”, “Нуроний” хайрия жамғармалари, бирлашган касаба уюшмалари федерацияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, профилактика инспекторлари, жамоатчилик, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник И.Қутлимурадов ва бошқалар кейинги йилларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади.

Президентимизнинг 2018 йил 24 декабрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳамкорликда олибборилган сайи ҳаракатлар натижасида ўтган 2018 йил давомида вилоятдаги 221 маҳалланинг 106 тасида ҳеч қандай жиноятлар содир этилмади. Ана шу маҳаллаларда фаолият юритаётган 196 нафар профилактика инспекторлари ўзлари хизмат қилаётган ҳудда хизмат уйлари, имтиёзли кредит асосида олинган “Matiz” русумли шахсий автомобиллар билан таъминланди.

Тадбирда ўз ҳудудида жорий йилнинг ўтган даврида жиноят содир этилишига йўл қўймаган, ҳуқуқбузарликларни камайтириш, фуқаролар осойишталигини сақлашда яхши натижага эришган 126 нафар профилактика инспектори, 25 нафар маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, 12 нафар хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича фаол мутахассислар, 14 нафар маҳалла профилактика инспекторларининг ёрдамчилари ҳамда жиноятчиликка қарши курашда ички ишлар органларига яқиндан ёрдам кўрсатган 11 нафар “Фидокор ёшлар патрули” аъзоларига Президентимиз номидан жами 128 миллион 500 минг сўм пул мукофоти билан рағбатлантирилди.

– Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 24 декабрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ҳамкорликда олиббораётган ишимиз ўзининг ёрқин самараларини бераётир, – дейди Мирзаобод туманидаги Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори катта лейтенант Дилшод Эркабоев. – Маҳалламиздаги 599 хонадонда 3 минг 495 нафар аҳоли истиқомад қилади. 2 та умумтаълим мактаби, 1 та мактабгача таълим муассаси, “Ўзбекистон темир йўллари” АКга қарашли 1 та “Сардоба агросаноат” фирмаси фаолият олиб бормоқда.

Ҳудудимизда ўтган 2018 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳеч қандай жиноятлар содир этилмади. Бу мамлакатимизда осойишталикни таъминлаш борасида яратилган янгича тизим асосида маҳалла фуқаролар йиғини, муассасалар ва жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда иш олиб боришимиз натижасидир, деб ўйлайман.

Тадбирда вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.

Жалол Ражаб.