Сирдарё туманидаги 30-умумтаълим мактабида баҳор,   садоқат куйчиси Зулфияхоним таваллуд  топган     кун муносабати билан адабий-бадиий кеча ташкил қилинди.  Тадбир асносида ҳассос шоирамиз ҳаёти ва ижодига яна бир    бор назар    ташланди.

Ардоқли ўзбек шоираси Зулфияхоним 1915 йилнинг 1 мартида Тошкент шаҳрида туғилган. Меҳнат фаолиятини жуда эрта бошлаган шоира бир умр журналистика ҳамда нашриёт соҳасида ишлади.  1935-1938 йилларда Тил ва адабиёт институти аспиранти, 1938-1948 йилларда “Болалар” нашриёти муҳаррири, Ўзбекистон давлат нашриёти бўлим мудири, 1953 йилгача “Саодат” журналида бўлим мудири, 1953 йилдан то 1980 йилга қадар, салкам ўттиз йил давомида шу журналнинг бош муҳаррири лавозимида ишлаб келган Зулфияхоним миллионлаб қалбларни мафтун этди.

Гарчи шоира 1996 йилнинг 1 августида бизни тарк этган бўлсада, шоиранинг ҳаёт йўли келгуси авлодлар учун ҳам чинакам садоқат ва вафо тимсоли бўлиб қолаверади.

Кечада Зулфияхонимнинг  “Ўрик гуллаганда”, “Баҳор келди сени сўроқлаб” каби ўнлаб шеърлари мактаб ўқувчилари томонидан ёд ўқилди.

 

Гулчеҳра Джаббарова,

мактабнинг  Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.