Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2012 йил 13 ноябрдаги 251- сонли мажлис баёни топшириғининг 4 бандига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига «Ўзбекенгилсаноат» компанияси билан биргаликда 2013 йилда барча шаҳар ва туманларнинг ҳар бирида камида 200 тадан тикув дастгоҳларини ўрнатиш бўйича молиялаштириш манбаалари ва тадбиркорларни  аниқлаш ҳамда бино ва иншоотларга эга бўлган аниқ манзилларда жойлаштириш мақсадида дастур ишлаб чиқиш ва ҳар бир лойиҳа ижроси учун масъулларни бириктириш топширилган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг ушбу топшириғига биноан «Gulshana Tekstil Plus» масъулияти чекланган жамияти  Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳокимликлари, «Ўзбекенгилсаноат» компанияси ва Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда республикамиз ҳудудларига тикув дастгоҳларини етказиб бериш ва уларни ўрнатиш бўйича доимий ишларни олиб бормоқда. Бугунги кунга келиб, етказиб берилган 6 500 донадан ошиқ тикув дастгоҳлари ҳисобига тадбиркорларимиз ва жойлардаги ҳокимлик масъул ходимлари ёрдамида аҳолининг кўпгина ишсиз қисми, айниқса, уйда ўтирган аёлларнинг иш билан таъминланиши борасида сезиларли ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, вилоятимизда имтиёзли кредит ҳисобига тикиш машиналари олиб, тадбиркорлик фаолиятини  бошлашни истаган 3000 нафарга яқин аёлга амалий кўмак берилди. Бугунги кунга келиб, улар  ЯТТ ҳамда оилавий корхоналар, тикувчилик устахоналари очиш эвазига 5 мингтадан ортиқ иш ўрни яратдилар.

Юқоридагиларни инобатга олиб, ушбу лойиҳа устида иш олиб бориш давом эттирилмоқда. Ўтиб бораётган йилнинг 5 декабрь куни вилоят ҳокимлигининг фаоллар  залида 300 нафарга яқин тадбиркорлик билан шуғулланиш хоҳишини билдирган хотин-қизлар ва коллеж битирувчилари қизлари билан йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишни вилоят ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича  ўринбосари Б.Бўронов олиб борди. Тадбир бошида  «Gulshana Tekstil Plus» МЧЖ томонидан Япониядаги «JUITA» фирмасининг тикув машинкалари презентацияси намойиш этилди. Йиғилишда, шунингдек, шаҳар, туман хотин-қизлар қўмиталари раислари, Марказий банк ва «Микрокредитбанк» вакиллари, вилоят солиқ, иқтисод, Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштириш, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш  бошқармалари  раҳбарлари иштирок этдилар.

Йиғилиш қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоблар олдилар.

Наргиза Тожибоева,

вилоят ҳокимлиги хотин-қизлар масалалари бўйича котибият  мудири.