Гулистон шаҳри Ёшлар марказида Ўзбекистон ННТ Миллий Форумининг Сирдарё вилоят босқичи бўлиб ўтди. Форумда нодавлат-нотижорат ташкилотлар раҳбарлари, Фуқаролик жамиятини шакллантиришни мониторинг қилиш мустақил институти, ННТларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, вилоят ҳокимлиги, касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашмаси, вилоят экология қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Ижтимоий масъулиятли фуқаролар форуми Сирдарё вилоят ижтимоий қўллаб- қувватлаш ахборот маркази ва ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирдан мақсад мамлакатимизда амалга оширилаётган демократлаштириш ва модернизациялаш жараёнида ННТларнинг роли ва ўрнини ошириш, муҳим давлат дастурларининг ижросини таъминлаш, бу борада давлатнинг кўмагини аниқлаш, ННТларнинг фаол иштирокини оширишдир.

Форум ишини Фуқаролик жамиятини шакллантиришни мониторинг қилиш мустақил институти раҳбари Солижон Қудратов олиб борди. Форумнинг биринчи умумий қўшма йиғилишида ННТларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёт дастурларини амалга оширишда самарали фаол иштирокини ташкиллаштириш-нинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Шундан сўнг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»нинг вилоятдаги ижроси бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди. Форумда ННТларнинг ижтимоий шериклик ва жамоат назоратини ривожланти-ришда самарали иштирокининг механизми ва формаларини такомиллаштириш бўйича 7 хил йўналиш кўриб чиқилди.

Форум якунида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида давлат ва жамоатчилик секторлари ўртасидаги ижтимоий шериклик масаласида фикрлар алмашинуви ва қатнашчилар томонидан тақдим этилган лойиҳалар бўйича йил охири таҳлили ва 2014 йилда амалга оширилиши режалаштирилаёган ишлар белгилаб олинди. Ўтказилган давра суҳбатлари бизга шуни ишонч билан гапиришимизга имкон бердики, демократик қадриятлар, инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қизиқишларини ҳимоя қилишда ННТларнинг роли кучайиб бормоқда. Мамлакатимизда 20 йил мобайнида ННТларни қўллаб-қувватлаш, уларни моддий-техник базасини яхшилаш, мустақиллигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар натижасидир.

Олиб борилган давра суҳбатларида иштирокчилар мавзу юзасидан ўз фикрлари, талаб ва таклифларини билдирдилар.

Форум давомида ННТлар фаолиятини ёритувчи фотокўргаз-малар, шунингдек, Ижтимоий қўллаб қувватлаш ахборот маркази кўнгиллилари томонидан кўргаз-малар ташкил этилди.

Тадбир охирида жойлардаги ҳокимият органлари ва ННТлар ўртасида келишувлар ва меморандум имзоланди.

Гавҳар Бойқулова.