Барча жойларда бўлгани каби Гулистон шаҳридаги қатор таълим муассасаларида  ҳам умумхалқ байрами — Наврўзи оламга бағишлаб кўплаб тадбирлар ўтказилди.

Худди шундай тадбирлардан бири шаҳарнинг 1-мавзесида жойлашган 6-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.

Маълумки, ўзбек хонадонларида халқимизнинг бой тарихи, маданияти ва урф-анъаналари  болаларга кичик ёшдан сингдирилади. Ана шунинг учун ҳам ўзбек халқининг муқаддас урф-анъаналари асрлар оша яшаб келмоқда. Бағрикенглик, аҳиллик, тотувлик халқимиз байрамларининг  асосини ташкил қилади. Наврўзу Мустақиллик байрамлари, ҳайитларда аввало кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинади, байрамларга қўшиб хайрия тўйлари ўтказилади.  Тажрибали ўқитувчи Феруза Имомқулова раҳбарлик қилиб келаётган 2 «а»-синф ўқувчилари ўз чиқишларида урф-анъаналаримиздан қанчалик хабардор эканликларини намойиш қилдилар, миллий қўшиқ ва рақсларни жажжилар ижросида тинглаб, томоша қилган томошабинлар завққа тўлдилар.

-Бундай тадбирлар мактабимизда ҳар бир синф ўқувчилари томонидан ўтказилади, байрамни нишонлаш билан бирга ўқувчилар онгига миллий қадриятларимизни сингдириб борамиз, — дейди Феруза опа.

Байрам тадбирлари вилоятимизнинг барча бурчакларида давом этмоқда.

 

Гузаля РУСЛАНОВА.