14 февраль куни Гулистон шаҳар Ахборот технологиялари коллежида Ўзбекистон халқ шоири, профессор Тўра Сулаймон таваллудининг 80 йиллиги олдидан «Тўра Сулаймон — маънавияти» мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Тўра Сулаймон билан бирга ишлаган, ҳамнафас, ҳамфикр бўлиб юрган инсонлар, яқинлари ва шеърият ихлосмандлари жам бўлишди. Тадбир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Гулистон Давлат университети, «Адолат» социал-демократик партияси вилоят бўлими ташаббуси билан ташкил этилди. Тадбирга сирдарёлик ижодкор инсонлар билан бирга пойтахтдан бир қатор меҳмонлар — педагогика фанлари доктори, ЎзМу профессори Қозоқбой Йўлдошев, ёзувчи Набижон Боқий, «Адолат кўзгуси» газетаси бош муҳаррири Фарҳод Норматов, шоир Абдухолиқ Абдураззоқов ташриф буюришди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси, шоира Ҳаётхон Ортиқбоева кириш сўзи билан очиб, даврани олиб борди. Шоира барчани қўшалоқ байрам билан қутлар экан, 14 февраль Миллат маънавияти юлдузларидан бири, улуғ мутафаккир шоир, Давлат арбоби  Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд айёми эканини яна бир бор ёдга олди. Сирдарё адабиётининг карвонбошиси, Тўра Сулаймон таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими томонидан жуда катта байрам тадбирларини нишонлаш режалари тузилгани, шунингдек, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Мирзачўл тарихини ўрганиш музейи билан ҳамкорликда вилоятимизда  «Адабиёт ва санъат тарихини ўрганиш музейини ташкил қилиш» лойиҳаси юзага келган, бу музейнинг бир неча хоналари Тўра Сулаймон уй музейига айлантирилиш арафасида турганини йиғилганларга сўзлаб берди.

Илк сўз профессор Қозоқбой Йўлдошевга берилди. Олим Тўра Сулаймон шахсияти ҳақида сўзлар экан, бу инсоннинг ғурури баланд, кўнгли нозик, иззатталаб одам бўлганлигини айтиб, ҳаётий лавҳалардан сўзлаб берди. Тўра Сулаймоннингсирдарёча юморга бой хатларидан мисоллар келтирди, унинг тўйхатларининг ўзи бебаҳо эканини ва булар жамланса бир китоб бўлишини айтиб, шоирнинг шоирона ташбеҳлар билан ёзилган жозибадор «Ҳикмат» шеърини йиғилганларга ўқиб берди ҳамда 1977 йилда шоир Тўра Сулаймонга атаб ёзган мақоласи чоп этилган «Меҳнат ва турмуш» журналини ташкил этилажак музейнинг илк экспонати сифатида топширди. Навбатдаги сўз ёзувчи Набижон Боқийга берилди. Набижон ака Азизбек Турдиевнинг Тўра Сулаймон ижоди ҳақида номзодлик ишини ёқлаётганини, шоир ижодини жуда чуқур ўрганаётганини шу иш юзасидан шоир оиласи билан яқин қариндошлардек бўлиб кетганини сўзлаб берди.

Кейинги сўз навбатини олган Абдухолиқ Абдураззоқов Тўра Сулаймоннинг «Боботоғ» шеърини ўқиш билан бошлади. Абдухолиқ ака республика радиосининг «Ватандош» эшиттиришида ишлаб юрган пайтларида шу шеърни илк бор ёзиб олганини, шоир шеърларининг халқчил, достонлар руҳида ёзилганини сўзлаб берди. Шундан сўнг Тўра Сулаймоннинг энг яқин ҳамфикри, дўсти, фалсафа фанлари номзоди Равшан Маҳмудов сўзга чиқар экан шоирнинг чапани, ҳамма гапни рўйи-рост айтадиган инсон бўлганини, шоир ҳақида чоп этилган китоблар, шоирнинг ижоди саккизинчи синф адабиёт  дарслигига киритилганини, 76 та олий ўқув юртлари орасида ўтказилган қўшиқ байрамида Тўра аканинг «Фахрия» шеъри билан куйланган қўшиқ 2-ўринга сазовор бўлганини барчага сўзлаб берди. Шундан сўнг даврага шоира Баҳор Холбекова, Фарҳод Норматов, шоир Абдураззоқ Ўсаров, шоирнинг набираси Бекзод, ёзувчи Турсунбек Раҳмонов таклиф этилди. Улар ҳам шоир Тўра Сулаймонни ёдга олиб кўнгил тубида ётган энг эзгу сўзлар билан хотирлашди. Даврада ўтирган ҳаваскор шоир ва шоиралар шоирга атаб ёзилган шеърлардан ўқиб беришди.

Маърифатли халқ ўз шоирини бошига кўтаради, бунинг исботи сифатида шоирнинг яна бир нашрдан чиққан янги китоби йиғилганларга тақдим этилди.

Тадбир жуда самимий, енгил ҳазил билан, дўстона руҳда ўтди. Бу кунда Сирдарё зиёлилари ўз буюкларини эътироф этишди, шоирнинг ҳаёт ва ижод йўли эҳтиром ва эъзоз билан тилга олинди.