cows

Куйдирги — бактерия қўзғатадиган, спора ҳосил қилувчи турли юқиш механизмларига эга бўлган, ҳайвон ва одамдан юқувчи ўта хавфли юқумли касалликдир. Унинг “ёмон яра”, “илоҳий олов”, “форс олови”, “Эрон алангаси”, “сибир яраси” ва бошқа номлари бор.

 

Касалликнинг юқиши.

Асосан чорва билан шуғулланувчилар, гўшт маҳсулотларини қайта ишловчилар ҳамда овчилардан, шунингдек, касал ҳайвон маҳсулотларига етарли ишлов берилмаганда ва гигиена қоидалари бузилганда юқиши мумкин.

Касаллик белгилари.

Терига тушган куйдирги таёқчаси аввал терида қичишиши билан қизил доғ ҳосил қилади. Доғ тугунчага айланиб, бир неча соат ичида пуфакча ҳосил бўлади. Доимий қичиши оқибатида пуфакча ёрилиб, ичидан суюқлик ажралади (сачраган суюқлик янги пуфакчаларни ҳосил қилади). Ёрилган пуфакча ўрнида қора рангли ўзидан зардобли суюқлик ажратиб турувчи, атрофи шишиб кўтарилган яра ҳосил бўлади. Шу вақтга келиб, ярага яқин жойлашган лимфа тугунлари ҳам катталашади. Энг ҳарактерли белгиси яралар оғриқсиз бўлади. Яра ҳосил бўлиши билан тана ҳарорати кўтарилади, эт увишади, бош айланади, кўнгил айнийди, ҳолсизланади (ўпка шаклида қон қусади, ичак шаклида эса ич кетиши қон билан кузатилиб), бу ҳолат 5-7 кун давом этади.

Куйдирги касаллигини олдини олиш.

  • Қишлоқ хўжалик ҳайвонлари орасида ветеринария назоратини доимий ўтказиш;
  • Ҳайвонлар ичадиган сувларни ва ем-ҳашакларни ифлослантирмаслик;
  • Молхоналарда санитария қоидаларига қаттиқ риоя қилиш, доимий профилактик чораларини қўллаш;
  • Ҳайвонларни ветеринария назоратисиз сўймаслик ва гўштларини аҳолига тарқатмаслик;
  • Куйдирги билан касалланган ҳайвон гўштини дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш;
  • Касал ҳайвонлар ётган жойларни 2 фоиз формалин, 20 фоиз хлорли оҳак эритмаси, 10 фоиз хлорамин ва бошқа воситалар билан дезинфекция қилиш, ўлганларни эса 2-2,5 метр чуқур қилиб, устига 10 см қалинликда оҳак солиб кўмиш ёки ёқиб юбориш шарт;
  • Куйдирги ярасига ишлатилган воситаларни дезинфекция қилиш, ўрин-кўрпаларни дезкамерадан ўтказиш;
  • Чорвачилик, гўшт комбинати, тери ва қоракўл заводи ишчилари ветеринарлар, лаборатория ходимларини куйдирги касаллигига қарши эмлаш лозим.

 

Юқоридаги белгилар кузатилганда дарҳол шифокорга мурожаат қилинг!

 

Тоир СУВОНҚУЛОВ,

Республика саломатлик ва тиббий статистика институти

Сирдарё вилояти филиали шифокори