Кўкрак билан эмизиш боланинг биринчи йилдаги ҳаёти учун энг яхши озуқа ҳисобланади. Кўкрак сути таркибида боланинг нормал ўсиши учун керак бўлган,енгил ҳазм бўладиган барча озиқ моддалар мавжуд. Кўкрак сути билан озиқланган болаларда шамоллаш,қулоқ инфекцияси ҳамда ошқозон ичак касалликлари билан касалланиш кам учрайди. Кўкрак сути билан озиқлантиришни туғруқнинг биринчи соатларидан бошлаган маъқул. Оғиз (палла) сути деб аталувчи бошланғич сут таркибида оқсилга бой моддалар билан биргаликда чақалоқни инфекциялардан ҳимоя қилиш хусусиятига эгадир. Бола ҳаётининг дастлабки 6 ойи давомида уни овқатлантиришнинг энг тўғри усули фақатгина кўкрак сути билан боқишдир. Бу дегани болага фақат кўкрак сути бериб, унга бошқа ҳеч қандай ичимлик ва овқатларни бермаслик демакдир.

Кўкрак сути билан боқишнинг энг ажойиб томони шундаки, у гўдакнинг эҳтиёжларини тўла қондиради. Гўдакнинг талабига биноан тез-тез ва узоқ эмизсангиз, сизда шунча кўп сут ишлаб чиқарилади. Гўдак ўсган сари сутингиз таркиби ҳам боланинг ривожланиш босқичига қараб мослашиб боради. Деярли ҳар бир аёл, ҳаттоки озиқланиши унчалик яхши бўлмаганда ҳам фарзандини 2 ёшгача эмизиши мумкин.

Феруза Аманликова,

 Саломатлик институти вилоят филиали директори