Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлигининг 2016 йил 29 декабрдаги йўриқномасига асосан республикамизнинг барча ҳудудларида, шу жумладан,  вилоятимиздаги бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида патронаж ойлиги ўтказилмоқда.
Патронаж ойлиги аҳолига кўрсатилаётган тиббий-профилактика тадбирларини янада такомиллаштириш, фертиль ёшидаги аёллар, болалар, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олиш ва тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни яхшилашга қаратилган. Бу борада вилоятимиз ҳудудларида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Оқолтин туманидаги Андижон қишлоқ врачлик пункти Андижон ШФЙ ҳудудида истиқомат қилаётган  5724 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Пункт  “Саломатлик-2” лойиҳаси доирасида замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган.

Шу кунларда ҚВП шифокор ва ҳамширалари томонидан  аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш ва репродуктив саломатлик бўйича тушунтириш ва тарғибот ишлари мунтазам олиб    борилмоқда. Касалликларни эрта, фаол аниқлаш мақсадида хар бир хонадонга тиббий ходимлар, патронаж ҳамширалар бириктирилган.

—  Ҳудуддаги  кам таъминланган, ёлғиз қария, парваришга муҳтож бўлиб ётиб  қолган фуқароларга қишлоқ врачлик пункти томонидан дори-дармонлар берилмоқда. Шу кунгача 20 нафар муҳтож беморларга 10 турдаги дори-дармон бепул тарқатилди. Ҳар бир хонадонга кириб ўта хавфли куйдирги, геморрагик иситма, қутуриш касалликлари ҳақида  ҳоли орасида мавсумий касалликлар хақида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда, — дейди ҚВП мудири Ҳаким Ўроқбоев. – Патронаж ойлигини самарали ўтказиш мақсадида нафақат 5 нафар патронаж ҳамширамиз, балки 14 кишидан иборат жамоамизнинг барчаси аҳоли хонадонларига кириб бормоқда.

Ойликни юқори савияда ташкил этишда қишлоқ врачлик пунктининг шаҳарча фуқаролар йиғини, таълим муассасалари ва  бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари  билан ҳамкорлиги ўз самарасини бермоқда. Натижада санитария-эпидемиология муҳитини барқарор сақлаш, касалликларнинг олдини олиш, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофазалашга эришилмоқда.
– Туманда бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида патронаж ойлиги уюшқоқлик билан давом этмоқда, – дейди  Оқолтин туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Тожибоева. – Патронаж ҳамшира нафақат ўзига бириктирилган хонадон аъзоларининг саломатлиги, балки оиланинг ижтимоий ҳолатидан ҳам хабардор бўлиши керак. Негаки инсон саломатлигини асраш кўп омилларга боғлиқ. Бу жараёнда оилада тиббий маданият даражаси, турмуш тарзи, психологик, ижтимоий муҳит, тозалик, ҳудуддаги экологик ҳолат тарғиботи муҳим аҳамиятга эга. Бу борада хотин-қизлар қўмитаси, жойлардаги бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари  тиббиёт ходимларининг яқин кўмакчиларидир.  Мамлакатимизда ушбу йўналишда шаклланган замонавий тиббиёт тизими ва амалга оширилаётган соғломлаштириш тадбирлари туфайли аҳоли орасида касалликлар эрта аниқланмоқда.

Хайринисо Примқулова,

Оқолтин туман хотин-қизлар  қўмитаси бош мутахассиси