Мирзаобод туманида мактабгача таълим муассасаларида меҳнат қилаётган хотин-қизлар ўртасида “Спорт – саломатлик гарови” шиори остида  ўтган спорт беллашувида 150 нафардан кўпроқ хотин-қизлар иштирок этди.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида Сирдарё вилоят хотин-қизлар қўмитаси, фан, таълим ва маданият ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда иштирокчилар спортнинг волейбол, шахмат ва шашка турлари бўйича беллашдилар.

Биринчи Президентимиз раҳнамолигида спортнинг оммавийлигини ошириш орқали соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидлади. Бу жараёнда хотин-қизлар спортини ривожлантириш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, қишлоқ спорти, айниқса хотин-қизлар ўртасида спортни кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

– Мамлакатимизда, айниқса қишлоқ жойларида хотин-қизлар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида спорт билан шуғулланувчи опа-сингилларимиз сафи йилдан-йилга кўпайиб бормоқда, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилшода Ҳайдарова. – Спортнинг волейбол, шахмат, шашка турлари қишлоқ аёллари ўртасида анча оммабоп ва ривожланган спорт тури ҳисобланади. Мактабгача таълим муассасаларининг туман босқичида 150 нафардан кўпроқ иштирокчи аёллар қатнашгани ҳам фикримни тасдиқлайди. Айниқса, беллашувларда болалар боғчаларининг ҳаваскор спортчи аёллари фаоллиги, уларнинг ёш қизларимизга кўрсатаётган ибрати таҳсинга лойиқдир.

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра волейбол бўйича 1-ўрин тумандаги 14-сонли мактабгача таълим муассасаси аёллар жамоасига насиб этди. Шахмат ва шашка бўйича ўтказилган беллашувлар ҳам анча кескин тус олди. Шахмат беллашувида 5-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳаваскор спортчиси Саида Фозилова беллашув ғолиби деб эълон қилинди. Шашка беллашувида эса бир хил очко жамғарган 14-сонли МТМдан Сарвиноз Соибназарова ҳамда 3-сонли МТМ тарбиячиси Шоира Шерқуловаларга шоҳсупанинг юқорисидан жой олиш насиб этди.

Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Абдужалол Қаюмов