шифокор

Соғлом одамгина чинакам бахтли бўлади. Фақатгина соғ-лом халқ, соғлом миллат буюк ишларга қодир бўлади.                                         

            И.А. Каримов

Ушбу мавзуда мухбиримиз  Республика аҳоли репродуктив саломатлиги Сирдарё вилояти репродуктив маркази бош шифокори Гулноза Алимбобоева билан суҳбатлашди:

— Гулноза опа, кейинги йилларда республика миқёсида аҳоли саломатлигига катта эътибор берилаяпти. Сиз бошқариб келаётган репродуктив саломатлик маркази вилоятимиз аёл ва қизларининг саломатлиги йўлида қандай ишлар олиб бормоқда?

— Вилоят репродуктив саломатлик марказига ўтган йилда мустақил юридик мақом берилди ва вилоят перинатал марказ қошида алоҳида бўлимга кўчиб ўтди. Марказ 3-қаватда жойлашган ва 3 та хонадан иборат бўлиб, бу ерда мен билан елкама-елка онкогинеколог, олий тоифали шифокор Бувойша Ҳошимова, 3 нафар ҳамшира — Раъно Турдиева, Гулнора Шодмонқулова ва Дилноза Исоқжоновалар фаолият юритишади.

Вилоят репродуктив саломатлик марказнинг асосий вазифалари — аҳолига профилактик ва даволаш ишларни амалга оширишдир.

Фақат ўтган йилнинг ўзида марказда 625 нафар аёлларга БИВ амалиёти ва консультация ўтказилди, 424 нафари аёлга орал контрацепциялар йил давомида берилди  ва 534 нафар аёллар ИЖК қилинди. ИЖК ҳақида қабулга келган 35 ёшдан юқори бўлган ҳамда 4-5 нафар фарзанди бор аёлларга маслаҳатлар берилди. Айниқса, аёлларда онкологик касалликларни аниқлаш борасида олий тоифали акушер-гинеколог Бувойша Ҳошимованинг катта тажрибаси қўл келмоқда.

Онкогинеколог хонасида кольпоскоп бор ва шу кольпоскоп орқали  3685 нафар аёллар кўрилди, улардан 14 нафарида онкологик  касалликлар аниқланди.

— Гулноза опа, марказ ким томонидан ва қандай тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган?

— Марказимизда ҳисоботларни  ва таъминот-логистика тизимини йўлга қўйиш учун Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази томонидан  ва аҳолининг замонавий контрацепция усулларига бўлган эхтиёжини аниқлаш ва истиқболли режасини ҳисоблаш, Логистика тизимда СНАНЕLL-компьютер ҳисоботини  ва бош-қаришни  амалга ошириш  учун  ЮНФПА Халқаро ташкилоти  ҳамда  Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан  компьютер жамламаси, факс аппарати, ноутбук, мультимедияли проектор билан таъминланган.

— Гулноза опа, марказга кўпроқ кимлар мурожаат қилишади?

— Кўпроқ бефарзандлар мурожаат қилишади. Фақат бунда бир нарсага аҳамият қилмоғимиз лозим. Нима учундир кейинги вақтларда юртдошларимиз ўртасида сабрсизлик кузатиляпти. Яъни, тўйдан кейин 2-3 ой давомида ҳомиладорлик кузатилмаса, дар-ҳол шифокорма шифокор югуриб қолишади.

Тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтаманки,  вилоят туғруқ комплексида 20 йилга яқин фаолият кўрсатдим, илгарилари келинларнинг биринчи ойларданоқ ҳомиладор бўлиши муҳим эмас, балки оилага киришиб, кўникиб кетгандан сўнг фарзандли  бўлишлари маъқул кўриларди. Аммо, кўпгина оилаларда катталар, қайнона, эрнинг бу борада шошқалоқликлари ёш келинларимиз руҳиятини чўктириб қўймоқда.

Шу билан бирга яна тиббий кўрикка тўхтаб ўтмоқчиман. Келин ҳам, куёв ҳам албатта тўйдан олдинги тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Ана шунда баъзи бир тушунмовчиликлару кўнгилсизликларнинг олди олинади. Шу ўринда, бугун ёнимга маслаҳат учун келган Волида исм-ли 25 яшар қизимизни айтиб ўтган бўлардим. Тўйи бўлганига эндигина 4 ой ўтар-ўтмас, қайнонаси қўярда қўймай гинекологга бошлаб келибди. «Нима учун бола бўлмаяпти?», деб эри ҳам ҳоли-жонига қўймаётган эмиш. Эринг тиббий кўрикдан ўтганми? — деб сўрасам,  ерга қараб «йўқ» дейди. Ахир, фарзандли бўлиш фақатгина келиннинг соғлиғига эмас, балки куёв боланинг ҳам ҳар томонлама саломатлигига боғлиқ.

Қувончлиси, эндиликда кўп оналар қизларининг балоғат ёшидаги баъзи муаммоларига кўпроқ эътибор беришяпти. Масалан, ёш қизларда ҳайз кўриш кечикса ёки жараёни бузилса, оналар турмушга чиқмаган қизларини  гинекологга олиб келишга ор қилишарди. Гап-сўздан қўрқиб, вақтида даволатмай, бепушт бўлиб қолган қизларимиз кўп учрарди. Энди аёлларимиз ҳам касалликни даволагандан кўра олдини олиш осонлигини тушуниб қолишди.

Яна бир масала, нима учундир климакс ёшидаги аёллар кўпроқ кардиология ва бошқа касалхоналарга мурожаат қилишади. Аслида улар организм қаришининг олдини олиш учун, климаксга қарши даволанишлари лозим. Шунда уларнинг организмлари ҳам ёшаради, ҳам салбий оқибатларнинг олдини олинади.

— Гулноза опа, яна бир муҳим масала, марказ мутахассислари бепул хизмат кўрсатишадими ёки пуллик?

— Марказда тиббий кўрик ва муолажалар бепул, бу ерда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан беморлар йўлланма билан тиббий кўрикдан ўтказилади. Контрацепция бўйича, ВМС (спираль),  презерватив берилади. Исталмаган ҳомиланинг олдини олиш бўйича «Микролюд» таблеткалари билан ёрдам кўрсатилади. Буларнинг ҳаммаси бепул.

— Гулноза опа, марказ томонидан «Соғлом бола йили»да аҳоли ўртасида қандай тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш режалаштирилган?

«Соғлом бола йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш борасида эрта никоҳлар ва туғруқлар, уларнинг салбий оқибатлари  мавзусида Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази Сирдарё вилоят филиали томонидан ушбу Давлат дастурига  қўшимча чора-тадбирлар  ишлаб чиқилди ва «Мустаҳкам репродуктив саломатлик-мустаҳкам оила гарови» мавзусида семинарлар ўтказиш режалаштирилди.

Эрта ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлар ва уларнинг салбий оқибатлари, замонавий контрацептив воситаларининг соғлом оилани шакллантиришдаги ўрни ва технологияларнинг аҳамияти тўғрисида мактаб, лицей ва коллежларда семинарлар ўтказилди. Вилоят бўйича жами 259 та мактаб, лицей ва касб-ҳунар коллежларида ҳамда Гулистон Давлат университетида шундай семинарлар ўтилади ва турмуш қуриш арафасидаги ёшлар ўқитилади.

—    Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Гузаля Русланова.