Фарзандликка олиш тартиби ҳақида батафсил маълумот беришингизни сўрайман?

О.Мурадов,  Ховос тумани 

Фарзандликка олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексига асосан қайд этилади. 2013 йил 30 апрелда Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг “Фарзандликка олиш” деб номланган 20-бобига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Унга кўра фарзандликка олишга фақат вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб йўл қўйилади. Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослиги ва фарзандликка олиётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади. Қонунда фарзандликка олиш мумкин бўлган шахслар кўрсатилган бўлиб, унга кўра вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкинлиги, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланмаганлар, қонун билан белгиланган тартибда муомилага лаёқатсиз ёки муомила лаёқати чекланган деб топилганлар, асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар қасддан содир қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар бундан мустасно.

Фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилинади. Ўн ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб қилинади.

Суднинг фарзандликка олиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб ўн кун ичида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари фарзандликка олинаётганнинг туғилиши қайд этилган дафтарга зарур ўзгартиишлар киритиши лозим. Фарзандликка олишни расмийлаштириш учун ФҲДЁ органига суднинг ҳал қилув қарори, фарзандликка олувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, шунингдек фарзандликка олувчи(лар)нинг шахсини тасдиқловчи хужжатлари тақдим этилади.

Суднинг ҳал қилув қарорида кўрсатилган маълумотларда номувофиқлар аниқланган холларда фарзандликка олишни расмийлаштириш мазкур номувофиқликлар бартараф этилганидан кейин амалга оширилади.

Саволга Ховос туман 2-сон ФҲДЁ бўлими мудираси С.Маҳкамова жавоб берди