Савол: Фарзандликка олиш тартиби ҳақида батафсил маълумот беришингизни сўрайман?

 Жавоб: Фарзандликка олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексига асосан қайд этилади. 2013 йил 30 апрелда Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг “Фарзандликка олиш” деб номланган 20-бобига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Унга кўра фарзандликка олишга фақат вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб йўл қўйилади. Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослиги ва фарзандликка олиётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади. Қонунда фарзандликка олиш мумкин бўлган шахслар кўрсатилган бўлиб, унга кўра вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкинлиги, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланмаганлар, қонун билан белгиланган тартибда муомилага лаёқатсиз ёки муомила лаёқати чекланган деб топилганлар, асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар қасддан содир қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар бундан мустасно.

Фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилинади. Ўн ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб қилинади.

Суднинг фарзандликка олиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб ўн кун ичида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари фарзандликка олинаётганнинг туғилиши қайд этилган дафтарга зарур ўзгартиишлар киритиши лозим. Фарзандликка олишни расмийлаштириш учун ФҲДЁ органига суднинг ҳал қилув қарори, фарзандликка олувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, шунингдек фарзандликка олувчи(лар)нинг шахсини тасдиқловчи хужжатлари тақдим этилади.

Суднинг ҳал қилув қарорида кўрсатилган маълумотларда номувофиқлар аниқланган холларда фарзандликка олишни расмийлаштириш мазкур номувофиқликлар бартараф этилганидан кейин амалга оширилади.

 Савол: Алимент тўламаган фуқарога қандай жазо бор?

— Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар Оила кодексининг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Жиноят кодексининг 122-моддасида белгиланишича, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни алиментни уч ойдан зиёд вақт давомида тўламаслик энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади. Юқоридаги хатти-ҳаракатни содир этгани учун суд қарорига кўра бир марта жазоланган фуқаро яна алимент тўлашдан бош тортса, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Савол: Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини тиклаш тартиби ҳақида қисқача маълумот берсангиз?

Жавоб: Бунинг учун ФҲДЁ бўлимига бориб, туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувидан такрорий гувоҳнома ёки кўчирма олиш тўғрисида мурожаат қилинади. Унинг асосида далолатнома ёзувининг иккала нусхаси ҳам текширилиб, мавжуд эмаслиги аниқ бўлганда далолатнома ёзувини тиклаш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати фуқарога берилади. Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини тиклаш учун ФҲДЁ органига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади.

— далолатнома ёзувини тиклаш тўғрисида белгиланган шаклда ариза ;

— шаҳар (Тошкент), вилоят, республика (Қорақалпоғистон) ФҲДЁ архивининг ариза берувчининг туғилган жойи бўйича далолатнома ёзувининг йўқлиги ҳақидаги маълумотномаси ;

— ота – онасининг паспорт нусхалари ;

— агар ота онаси вафот этган бўлса, уларнинг ўлими ҳақидаги далолатномалар ёзувларининг нусхалари;

— никоҳ тузилгани ҳақида далолатнома (ота – онасининг ва ўзининг) ёзуви нусхаси ;

— ота – оналарининг ҳужжатлари бўлмаганда, ака – укалари, опа- сингилларининг туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувлари нусхаси;

— аризачининг илтимосини асословчи бошқа ҳужжатлар.

Бунда ариза берувчининг илтимосини асословчи бошқа ҳужжатлар сифатида гербли гувоҳномалар ёки ҳарбий хизматга алоқадорлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, уларнинг ксеронусхаси (нусхаси), ариза берувчининг ўқиш ёки иш жойидан берилган маълумотнома, уй дафтаридан олинган кўчирмалар, ички ишлар органларининг маълумотномаси, ФҲДЁ органлари томонидан шахсни тасдиқловчи ҳужжатларга никоҳ ва никоҳдан ажралиш қайд этилганлиги ҳақида белги қўйилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа шу каби ҳужжатлар қабул қилиниши мумкин.

Далолатнома ёзувларини тиклаш уларни тиклаш учун асос бўлган барча ҳолатлар ФҲДЁ органи томонидан аниқланганидан кейингина амалга оширилади. Бунда ФҲДЁ органи томонидан далолатнома ёзувини тиклаш ҳақида асослантирилган хулоса тузилади.

Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви тикланганда, далолатнома ёзувига боланинг ота – онаси тўғрисидаги маълумотлар уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида, агар улар (улардан бири) вафот этган бўлса, уларнинг ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувлари асосида тўлдирилиши лозим.

Отабек Давронов,

Гулистон шаҳридаги “Legal Assistanse”  адвокатлик бюроси адвокати

Савол: Мен яқин бир танишимга қарзга пул бермоқчиман. Шарт­номани нотариусда расмийлаштириш шартми ёки тилхат олишнинг ўзи кифоями? Шартномани расмийлаштиришнинг ютуғи нимада? Бунда гувоҳлар керакми? Шулар ҳақида маълумот берсангиз?
Ойбуви Полвонова, Гулистон шаҳри

Жавоб: Жисмоний шахслар ўртасидаги қарз шартномаси, агар унинг суммаси энг кам иш ҳақи миқдорининг 10 бараваридан ошса, оддий ёзма шаклда тузилиши керак. У қарз олувчининг унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки ашёларнинг муайян миқдори берилганлигини тасдиқлайдиган тилхати бўлганда ҳам ёзма шаклда тузилган, деб ҳисобланади.

Шу сабабли агар сиз энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан кам суммани қарзга бермоқчи бўлсангиз, битимни нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди — ёзма қарз шартномаси ёки қарз олувчининг тилхати кифоя. Қарз шартномасини тузиш чоғида қонун гувоҳларнинг бўлишини талаб этмайди.

Агар сиз катта суммани қарзга бермоқчи бўлсангиз, ушбу битимни нотариусда тасдиқлашга ҳаракат қилинг. Нотариус нотариал ҳаракатларни содир этиш учун мурожаат қилувчининг шахсини аниқлаши, юзма-юз суҳбат вақтида фуқароларнинг ҳуқу­қий лаёқатини аниқлаши, тарафларнинг ҳақиқий ниятларини белгилаши, мурожаат қилган шахсларнинг илтимосига кўра, қарз шартномаси лойиҳасини туза олиши нотариал тасдиқлашнинг ижобий томонларидир.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 117-бандига кўра, қарз шартномаси хоҳлаган нотариал идорада тасдиқланиши мумкин. Унда қарзнинг қайтарилиш муддати, жойи ва мажбурият бажарилиши усуллари ҳақида нотариус томонидан тушунтириш берилганлиги кўрсатилиши керак. Лозим бўлса, нотариус тарафларнинг хоҳиш-истакларини аниқлаш мақсадида ариза олиши мумкин.

Агар сизда нотариусга мурожаат қилиш имконияти бўлмаса ёки маълум сабабларга кўра шундай қилишни хоҳламасангиз, юрист ёки адвокатга мурожаат қилишингиз мумкин. Улар сизга шартномани тўғри тузишда ёрдам бериб, унда барча зарур ва муҳим жиҳатларни акс эттирадилар.

 

 Баҳодир Худойбердиев,

Гулистон ш. 7-сон ДНИ нотариуси