Савол: Айирбошлаш шартномасини расмийлаштириш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?

З.Мамажонова, Янгиер ш.

Жавоб: Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда шартномаларнинг ўзига хос ўрни бор. Масалан, айирбошлаш шартномаларининг фуқаролар учун қулай томонлари жуда кўп. У қонун талаблари асосида расмийлаштирилади. Чунончи фуқаро ўзига тегишли мулкни бир шахсга сотиб, унинг мулкини қайтадан сотиб олишига ҳожат йўқ. Агарда мулк қиймати бир хил нархда келишилган бўлса, улар томонидан айирбошлаш шартномаси тузилиши мумкин.

Фуқаролик кодексиниг 30-боб 497-моддасида асосан “Айирбошлаш шартомасига мувофиқ ҳар бир тараф бошқа тарафга бир товарни бошқа товарга алмаштириш йўли билан мулк қилиб топшириш мажбуриятини олади” деган меъёр мустаҳкамланган.

Айирбошлаш шартномасига нисбатан олди-сотдига оид тегишли қоидалар қўлланилади. Башарти мазкур боб қоидалари айирбошлаш моҳиятига зид келмаса, ҳар қайси тараф алмаштириш йўли билан мулкни топшириш мажбуриятини зиммага олади. Бунда товарни сотган тараф уни қабул қилиш мажбуриятини олган тараф эса товарни сотиб олувчи хисобланади.

Қонун ҳужжатларига кўра белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини айирбошлаш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Агар айирбошлаш шартномасидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, айрибошланадиган товарлар тенг қийматли, деб тахмин қилинади. Уларни топшириш ва қабул қилиш харажатларини эса ҳар бир ҳолда тегишли мажбуриятларни бажарадиган тараф амалга оширади.

Айирбошлаш шартномасига мувофиқ айрибошланадиган товарлар тенг қийматли эмас деб тан олинган тақдирда, баҳоси айрибошлашга тақдим қилинаётган товар баҳосидан паст бўлган товарни топшириши лозим бўлган тараф, агар шартномада ҳақ тўлашнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса, товарни тасарруф қилиш ҳужжатлари топширилгандан сўнг кечиктирмасдан боҳолардаги фарқни тўлаши лозим.

 

Агар айирбошланадиган товарлар тенг қийматли эмас деб тан олинса, бироқ уларнинг баҳолардаги фарқ айирбошлаш шартномасида назарда тутилган бўлмаса ва шартнома шартларига қараб белгиланиши мумкин бўлмаса, нархлардаги фарқ “Фуқаролик Кодекси”ниг 356-моддаси тўртинчи қисмида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ аниқланади.

Айирбошлаш шартномаси тасдиқланаётганда, тарафларга “Фуқаролик кодекси”нинг 497-501-моддалари мазмуни тушунтиради ва бу ҳолат шартнома матнида кўрсатиб ўтилади.

Шартноманинг предмети муомаладан олинган ёки муомалада бўлиши чекланган ашёлар, кўчмас мулк бўлиши мумкин эмас.

Агар айирбошлаш шартномасидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, айирбошланадиган товарлар тенг қийматли деб тахмин қилинади, уларни топшириш ва қабул қилиш ҳаражатларини эса ҳар бир ҳолда тегишли мажбуриятларни бажарадиган тараф амалга оширади.

Айирбошланаётган товарлар тенг қийматли эмас деб тан олинган тақдирда, шартномада айирбошлашга тақдим қилинаётган товар баҳосидан паст бўлган товарни топшириш лозим бўлган тарафга баҳолардаги фарқ учун ҳақ тўлашнинг бошқача тартиби белгиланиши мумкин.

Юқоридаги ҳуқуқий меъёрларга пухта риоя этиш, айирбошлаш билан боғлиқ низоларга ўрин қолдирмайди ва шартномавий мажбуриятларнинг қатьий ҳамда изчил бажарилиши, бинобарин қонун ва ҳуқуқ устуворлигини кафолатлайди.

Ҳозирги кунда нотариал идораларда айирбошлашга оид нотариал ҳаракатлар кўплаб амалга ошириляпти. Қонунчилигимизнинг айирбошлашга оид бундай тартиб-таомиллари ўз навбатида бозор муносабатларини такомиллаштиришга ҳам хизмат қилади.

 

Ш.Норқулов,

Янгиер ш. 2-сон ДНИ нотариуси стажери