Савол: Кимлар нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи идораларда давлат божини тўлашдан озод этиладилар?

Э.Мамажонова, Янгиер ш.

Жавоб: 

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг ХVII бўлими “Давлат божи” деб номланган. Ушбу бўлим 326-342 моддаларни ўз ичига олади. Ушбу бўлимда давлат божига тушунчалар, давлат божини ундириш объектлари, тўловчилари, давлат божини тўлашдан озод қилиш ҳолатларига тўхталиб ўтилган. Солиқ кодексининг   326-моддасида давлат божи деб юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ёки бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун олинадиган мажбурий тўлов деб тариф берилган. Солиқ кодекси билан давлат божига оид умумий қоидалар тартибга солинса, давлат божининг ставкаларини миқдорини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган “Давлат бож ставкалари” тўғрисидаги қарори билан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 331-моддасига асосан нотариал харакатлар амалга оширилганида давлат божини тулашдан озод қилиш тартиб белгиланган. Ушбу моддада нотариал харакатларни амалга оширишда 18 ҳолат бўйича давлат божидан озод қилинган.

Улар қуйидагилардир:  шахслар — мол-мулкини давлат фойдасига, шунингдек юридик шахслар фойдасига ҳадя қилиш тўғрисидаги васиятномалари ва шартномаларини тасдиқлаганлик учун;

  • давлат солиқ хизмати органлари ва молия органлари — уларга давлатнинг меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномаларни берганлик, шунингдек ушбу гувоҳномаларни олиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар учун;
  • ногиронларнинг жамоат бирлашмалари, уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари — барча нотариал ҳаракатлар бўйича;
  • Ватанни ҳимоя қилиш чоғида, бошқа давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганлиги муносабати билан ёхуд инсон ҳаётини қутқариш, давлат мулкини ва ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш бўйича фуқаролик бурчини адо этиш муносабати билан ҳалок бўлган шахсларнинг мол-мулки учун меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун:
  • шахслар — пенсиялар ва нафақалар олиш учун ишончномани тасдиқлатганлик учун;
  • оналар — кўп болалик учун уларга орденлар ва медаллар берилганлиги ҳақидаги ишлар бўйича ҳужжатлар кўчирма нусхаларининг тўғрилигини тасдиқлаб берганлик учун;
  • мактаб-интернатлар — фарзандларининг мактаб-интернатдаги таъминоти учун ота-оналардан қарзларни ундириш тўғрисидаги ижро ёзувларини амалга оширганлик учун;
  • молия органлари — фарзандларининг Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ихтисослаштирилган мактабларидаги таъминоти учун ота-оналардан қарзларни ундириш тўғрисидаги ижро ёзувларини амалга оширганлик учун;
  • ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этиш ва ҳалок бўлиш ҳодисасига корхоналар ва ташкилотлар ҳисобидан суғурта қилинган жисмоний шахсларнинг меросхўрлари — суғурта пулига ворислик ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома берганлик учун;
  • сурункали руҳий касалликка чалинган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда васийлик белгиланган шахслар — мол-мулкка ворислик қилишлари тўғрисида гувоҳнома олганликлари учун;
  • Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги органлари — ходимларни ташкилий йўсинда ишга қабул қилиш тартибида тузиладиган меҳнат шартномаларини тасдиқлаганлик учун;
  • 1941—1945 йиллардаги уруш ногиронлари, 1941—1945 йиллардаги уруш фронтларида яраланган шахслар ва 1941—1945 йиллардаги уруш фронтларида ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган шахсларнинг оила аъзолари, 1941—1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ҳамда Ватанни ҳимоя қилишда ва Совет Армиясида ўз хизмат бурчини ўтаётганда яраланган шахслар, Афғонистон Республикасида байналмилал бурчини ўтаган шахслар, шунингдек 1986—1987 йилларда Чернобиль АЭСининг заҳарланган минтақаси доирасида авария оқибатларини тугатишда иштирок этган шахслар, 1986 йилда Чернобиль АЭСидаги авария муносабати билан заҳарланган минтақадан кўчирилган (шу жумладан, ўз ихтиёри билан чиқиб кетган) шахслар, агар улар вафот этган бўлса, уларнинг оила аъзолари — имтиёзлар берилиши учун зарур бўлган ҳужжатлар кўчирма нусхаларининг тўғрилигини тасдиқлатганлиги учун;
  • Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги — муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар бўйича тўланиши керак бўлган мукофотнинг ундирилиши тўғрисидаги ижро ёзувларини амалга оширганлик учун;
  • шахслар — уларга йўловчиларнинг мажбурий суғуртаси юзасидан суғурта суммаларига ҳамда фуқароларга қарашли мол-мулкнинг мажбурий суғуртаси юзасидан суғурта товони суммалари бўйича меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун;
  • фермер хўжалигида фаолиятни давом эттираётган меросхўрлар — уларга фермер хўжалигининг мол-мулки бўйича меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун;
  • юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжалигида фаолиятни давом эттираётган меросхўрлар — уларга деҳқон хўжалиги мол-мулки бўйича меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун;
  • хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари, коммунал-фойдаланиш ташкилотлари — мажбурий бадалларни тўлаш ва коммунал хизматлар тўлови бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги ижро ёзувларини амалга оширганлик учун давлат божи ундирилмайди.

 

А.Мансуров,

Ҳуқуқшунос

 

Савол: Шу йил уйланмоқчиман. Бўлажак турмуш ўртоғим билан тиббий кўрикдан ўтишим керак экан, шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз.

Сирожиддин Акбаров, Гулистон тумани

Жавоб:Ёшларнинг никоҳини қайд этиш жараёнида, ўзаро розилиги билан мурожаат қилган куёв ва келиндан ариза олиниб, бир ойлик муддатга рўйхатга қўйилади.

Аризани рўйҳатга қўйиш билан бир қаторда саломатлигини текшириш ва бир бирини соғлигидан боҳабар бўлиш учун тиббий кўриклардан ўтиб келиши учун поликлиникага йўлланма берилади.

Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида “Оила кодексига” янги норма сифатида 17-модда киритилган бўлиб, мазкур моддада никоҳланувчи шахсларнинг давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтишлари белгилаб қўйилган.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли Қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низом” қабул қилинди. Низом талабларига мувофиқ никоҳланувчи шахслар қуйидаги касаллик турлари; психик, наркологик, таносил касалликлари, сил касаллиги ва ОИВ/ОИТС бўйича тиббий кўрикдан ўтадилар.

Никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтишларининг афзаллик жиҳатлари шундаки, юқоридаги касалликларни инсон ва унинг келажакда дунёга келадиган ворислари учун ниҳоятда хавфлилигини инобатга олган ҳолда, қонун никоҳланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилибгина қолмай, шу билан бирга, келажак наслнинг соғлом дунёга келишини ҳам кафолатлайди.

Саволга Гулистон туман   ФҲДЁ бўлими мудираси в.б. Д.Ташметова  жавоб берди 

 

Савол: Туғилишни қайд этиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?

     З.Ҳакимова, Сирдарё тумани

Жавоб: Боланинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ органида амалга оширилиши лозим.

Ота-онанинг истагига кўра ФҲДЁ органи боланинг туғилганлигини қайд этишни тантанали вазиятда ўтказиши мумкин.

Туғилганлик ҳақидаги ариза бола туғилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида берилиши зарур.

Бола туғилганлиги тўғрисидаги ариза ота-онаси ёки улардан бири, алоҳида ҳолларда эса қариндошлари, қўшнилари, тиббиёт муассасалари маъмурияти, ички ишлар ёки васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан берилиши мумкин.

Белгиланган муддатнинг ўтиб кетганлиги туғилганликнинг қайд этилишига тўсқинлик қила олмайди. Бундай ҳолларда заруратга қараб, ФҲДЁ органи туғилиш ҳақидаги ҳужжатга қўшимча равишда бошқа ҳужжатлар талаб қилиши мумкин.

Саволга Сирдарё туман 2-сон ФҲДЁ бўлими мудираси М.Каримова жавоб берди.