Савол:  Айтинг-чи, бугунги кунда пенсионерларга мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар сақлаб қолинганми, агар сақланган бўлса, улар қай тартибда татбиқ этилади ва қандай мол-мулкка нисбатан қўлланилади?  Пенсионер учун ер солиғи бўйича имтиёздан фойдаланиш тартиби қандай?

                                                                                                             Гулчеҳра Исломова,

                                                                              Гулистон ш.

Жавоб:  Солиқ кодекси 275-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган солиқ солинмайдиган майдон ўлчами доирасида пенсионерларнинг мулкида бўлган мол-мулкка жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи солинмайди. Мулкида солиқ солинадиган мол-мулк бўлган пенсионерлар учун мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинмайдиган майдон умумий майдоннинг 60 кв.метри ҳажмида белгиланади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси асосида берилади.

Демак, пенсионерларга мулк ҳуқуқида тегишли бўлган мол-мулкка (хусусан, квартира, турар жой, дала ҳовли ва бошқа қурилмалар) солиқ солинмайдиган майдон 60 кв.м ҳажмидан кўп бўлмаслиги керак.

Жисмоний шахслар томонидан қуйидаги мақсадларда фойдаланиладиган кўчмас мулкка нисбатан бу имтиёз қўлланилмайди:

тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилганда;

уларни юридик шахсларга ёки якка тартибдаги тадбиркорларга ижарага берилганда.

Ўз квартираси (уйи)дан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланадиган ёки уларни юридик шахс ёхуд якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берадиган жисмоний шахслар, шунингдек нотурар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғини юридик шахслар учун белгиланган ставкада тўлайдилар.

2. Солиқ кодекси 290-моддасининг 5-бандига кўра ер солиғини тўлашдан ёлғиз пенсионерлар озод қилинадилар. Ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан алоҳида уйда бирга яшовчи пенсионерлар ёлғиз пенсионерлар деб тушунилади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномаси асосида берилади.

 

Ер солиғи бўйича имтиёзлар белгиланган тақдирда, бу солиқ имтиёз ҳуқуқи вужудга келган ойдан эътиборан тўланмайди (Солиқ кодексининг 294-моддаси).

                                     Асқар Мансуров

                Янгиер ш. 3-сон ДНИ нотариуси

 

Савол: Амалдаги қонунчилик бўйича ҳозирда неча ёшдан никоҳ тузиш мумкинлиги, шунингдек, никоҳ тузиш тартиби, шартлари ва никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз.

                                                                         Доно Ақилова,  Гулистон шаҳри

Жавоб: Никоҳ – эркак билан аёл ўртасидаги тенглик ва ўзаро ҳоҳиш асосида тузилган эркин иттифоқ бўлиб, мақасади оила қуриш, фарзанд кўриш, уларни жамиятнинг муносиб кишилари қилиб тарбиялашдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига асосан “Никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланади”.

 Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасига асосан, “Никоҳ тузишга:

лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;

насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;

лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди”.

                               Феруза Хушмуродова

      Гулистон шаҳар Никоҳ уйи инспектори

Савол: Фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлаш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?

                                    Дилором Ҳамидова, Мирзаобод тумани

Жавоб: Нотариус фуқаронинг тирик эканлиги фактини унинг шахсий илтимосига кўра ва унинг иштирокида тасдиқлайди.

Вояга етмаган шахснинг тирик эканлиги фактини тасдиқлаш унинг қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек уни ўз ҳомийлигига олган муассасалар ва ташкилотларнинг илтимосига кўра амалга оширилади.

 

                                     А.Махсуджонов, Мирзаобод т. ДНИ нотариуси

 

Савол: Ўзбекистон Республикаси Президенти номзод   қўйиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз? Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиш бўйича қандай талаблар белгиланган?

                                   Равза Муқимова, Сайхунобод тумани

Жавоб: “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва қирқ беш кун қолганида тугайди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари — съезд ёки қурултойи томонидан амалга оширилади.

Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилган ҳужжатлар сиёсий партия раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб, Марказий сайлов комиссиясига аризаси, сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори, сиёсий партия юқори органи мажлисининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақаларидан иборат.

 Ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган ҳамда бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга.

                               Дилфуза Шамсиева,

 Сайхунобод тумани ФҲДЁ бўлими мудири