Савол: Ишхонада жароҳатланиб, учинчи гуруҳ ногиронлигини олдим. Ишхонамдан менга товон пули тўланадими?
Сабина.
ЖАВОБ: Меҳнат кодексининг 189-моддасига кўра, ходимнинг соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки у ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарни иш берувчи тўлиқ ҳажмда тўлаши шартлиги белгиланган. Бундан ташқари, ходимнинг иш берувчининг ҳудудида ҳам , унинг ташқарисида ҳам меҳнатда майиб бўлиши, шунингдек, иш берувчи томонидан ажратилган транспортда иш жойига келаётган ёки ишдан қайтаётган вақтда ишикастланиши натижасида етказилган зарар учун иш берувчи моддий жавобгар ҳисобланади.
Ҳамда меҳнатда майиб бўлиши оқибатида ёки ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли ходимга етказилган зарарни иш берувчи, башарти зарар унинг айби билан келиб чиқамаганлигини исботлаб беролмаса, тўлаши шартлиги белгиланган.
Мастура ЭМИНОВА,
Гулистон шаҳридаги “EMINOVA MASTURA” адвокатлик бюроси адвокати