Савол: Вояга етмаганлар номидан битим тузиш мумкинми? Ёки муомалага лаёқатсиз фуқаро номидан қандай битим тузиш мумкин?

 

Жавоб: Амалдаги қонунчиликда, шунингдек, 2020 йил 18 ноябрдаги Вазирлар Маҳкамасининг 726-сонли қарори билан тасдиқланган “Нотариуслар томонидан айрим нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги маъмурий регламентларни тасдиқлаш ҳақида” ги регламентда бу бўйича кўрсатмалар берилган бўлиб, унга кўра ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганлар (кичик ёшдаги болалар) учун битимни уларнинг номидан фақат ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийлари тузиши мумкин.

Васийлик суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга нисбатан ҳам белгиланади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан битимни унинг васийси амалга оширади.

Васийликдаги шахс номидан ҳадя шартномаси тузишга йўл қўйилмайди. Бу қоидалар ота-оналар (фарзандликка олувчилар) томонидан ўзларининг вояга етмаган болаларига васийлик, ҳомийлик қилувчилар сифатида тузиладиган битимларга ҳам тегишлидир.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар, битимни ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузадилар. Бундай битимни тузишда ота-онанинг ҳар иккисининг розилиги талаб қилинади. Бунда ота-онанинг розилиги битимни тўғридан-тўғри имзолаш ёки алоҳида ариза тақдим этиш кўринишида бўлиши мумкин.

Ҳомийлик суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан ҳам белгиланади. Муомалага лаёқати чекланган, деб топилган фуқаро битимни ҳомийнинг ёзма розилиги билангина амалга оширади. Бунда ҳомийнинг розилиги битимни тўғридан-тўғри имзолаш ёки алоҳида ариза тақдим этиш кўринишида бўлиши мумкин.

Васий ва ҳомий, уларнинг эри (хотини) ва яқин қариндошлари васийлик ва ҳомийликдаги шахс билан битимлар тузишга, шунингдек, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс билан васий ёки ҳомийнинг эри (хотини) ва яқин қариндошлари ўртасидаги суд ишларини юритишда васийлик ёки ҳомийликдаги шахснинг вакили бўлишга ҳақли эмас.

Ота-оналар, фарзандликка олувчилар, ҳомийлик ва васийлик қилувчилар қандайдир сабабларга кўра, (хизмат сафарида бўлиши, бошқа жойда яшаши ва ҳ.к.) битимни тасдиқлашга розилик бера олмасалар, битим васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида тасдиқланиши мумкин. Бу ҳолда “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги  Қонуннинг 37-моддаси талабларига риоя этилади.

Ота-она вафот этганда, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганда, уларнинг ота-оналик ҳуқуқи чекланганда, улар муомалага лаёқатсиз, деб топилганда, касал бўлганда, узоқ муддат бўлмаганда, ота-она болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаганда, шу жумладан, ота-она тарбия, даволаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасалари ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардаги боласини олишдан бош тортганда, шунингдек, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда, болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш васийлик ва ҳомийлик органлари зиммасига юклатилади.

Васийлар васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсати билан васийликдаги шахс номидан нотариал тартибда тасдиқланиши лозим бўлган битимлар тузишга ҳақли.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс номидан ишончнома берилган тақдирда ҳам васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати талаб этилади.

Саволга Гулистон шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Набижон Бадалов жавоб берди.