Савол: — Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 январдаги «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Шу боис дастлаб ушбу жараённинг ҳозиргача бўлган ҳолати ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

Малика Ўринбоева, Янгиер шаҳри.

Жавоб: — Бу борадаги ишлар ҳозиргача «Ўзбекистон Республикасида бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги йўриқномалар асосида амалга ошириб келинган. Адлия вазирлигида 1998 йил 7 январь ва 1999 йил 27 майда рўйхатдан ўтган ушбу ҳужжатларга мувофиқ, бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқ бир ой, ер участкаларига эса ўн кун муддатда давлат рўйхатидан ўтказилиши белгиланган.

Кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни беш босқичда амалга оширилиб, бунда дастлаб юридик ва жисмоний шахслар томонидан туман ёки шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизматига тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ариза берилган. Кейинги босқичларда рўйхатдан ўтказувчи орган туман ёки шаҳар «Ермулккадастр» хизмати томонидан аризани рўйхатга олиш, хизматлар ва йиғимларни тўлаш учун тўлов ҳужжатларини бериш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларни экспертиза қилиш, кадастр йиғмажилди тайёрланиб, бу ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ва бу ҳақдаги гувоҳномани юридик ва жисмоний шахсларга тақдим этиш ишлари олиб борилган.

Ҳар бир босқични таҳлил этиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш амалиётини ўрганиш эса бу соҳада бир қатор муаммолар борлигини кўрсатди. Булар асосан давлат рўйхатидан ўтказишнинг аниқ жараёни ва муддатлари белгиланмагани, бино-иншоотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг (амалдаги ҳужжатлар идоравий ҳужжат, холос), айниқса, кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда кўчмас мулк ҳақидаги ахборотларни тегишли органларга тақдим этиш тартибларининг, кўчмас  мулкларнинг ягона давлат реестрининг йўқлиги билан изоҳланади.

Саволга Янгиер шаҳри  2-сон ДНИ нотариуси Асқар МАНСУРОВ жавоб берди.