Савол: Одам савдоси ва унинг қурбонига айланмаслик юзасидан мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида туркум кўрсатувлар бериб борилмоқда.  

“Одам савдоси” тушунчасига мамлакатимиз қонунчилигида қандай тариф берилган, унга қарши курашиш бўйича қайси давлат органларига ваколатлар берилган?

Гули Шодиева.

Гулистон ш.                

 

Жавоб: 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосигақарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган бўлиб, мазкур қонуннинг 3-моддасида одам савдоси тушунчасига таъриф берилган. Унга кўра, одам савдоси — куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.

Мазкур қонуннинг 5-моддасида Одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органларига:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари;

 Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги киради.
            Одам савдосига
қарши курашиш фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга ошириши мумкин.

 

                   Нодира Тошхўжаева.

  Оқолтин тумани ДНИ нотариуси

Савол: Никоҳ шартномасини қандай ҳолатларда ҳақиқий эмас деб топилади?

 

 Нигора Ботирова, Ховос тумани

 

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасининг  Оила кодекси 33-моддаси — Никоҳ шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш, деб номланган.

Никоҳ шартномаси суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида назарда тутилган асослар бўйича тўла ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Никоҳ шартномасининг шартлари ушбу Кодекс 31-моддаси бешинчи қисмининг талабларига зид келса, суд эр-хотиндан бирининг талабига биноан никоҳ шартномасини тўла ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

 

Саволга Ховос тумани ФҲДЁ органи инспектори  Сайёра Маҳкамова жавоб берди.