Савол : Оғзаки келишув , ёки ишончнома асосида сотиб олинган  мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келадими? Бир қўшнимиз иккинчи қўшнимизга оғзаки келишув – битим  асосида уй-жойини сотди. Бу саволни берганимнинг боиси орадан йиллар ўтиб у уй-жойни расмийлаштириш тўғрисида сўз очганида қўшни бугунги кунда у берган пулга ҳозир уй олиб бўлмаслигини айтиб,  сўзидан қайтди. Бу  узоқ машмашаларга сабаб бўлиб, кўпчиликнинг тинчини бузди.

К.САЛИМОВА.

Жавоб:  Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 101-моддасига мувофиқ битимлар деб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатлари тушунилади.

Шартноманинг ҳақиқий эмаслиги ва шартномани бекор қилишнинг ўзаро фарқи:

а) битимнинг ҳақиқий эмаслигига асос унинг ноқонунийлигидир.

Бекор қилишга эса — унинг қонунийлиги низолашилмасдан шартномани бекор қилишга сабаб бўладиган ҳолатларнинг юзага келиши асос бўлади;

б) шартномани бекор қилиш у амалда бўлган вақтдаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсир этмасдан, фақатгина келгусидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга тааллуқлидир.

Битимларни ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги талабдан фарқли равишда шартномани бекор қилиш ҳақидаги талабда даъво муддати чекланмаган бўлади ва бундай даъво билан мурожаат қилишга шартнома ҳаракатда бўлган бутун давр мобайнида йўл қўйилади.

Бир томонлама битимларнинг ҳақиқий эмаслиги ФКнинг 9-бобида белгиланган умумий қоидалар билан, уни бекор қилиш шартлари эса айнан шу туркумдаги битимларга оид қоидалар билан тартибга солинади (масалан, ишончнома ва васиятномани бекор қилиш ФК 141, 142, 1127-моддалари). Мен буни оддий мисоллар билан тушунтиришга ҳаракат қиламан. Масалан,  Сиз уй-жой ёки автомашина сотиб олмоқчисиз.  Унинг  нархини ўзаро келишасиз. Сотиб олаётган мол-мулкка нисбатан катта миқдорда закалат берасиз. Баъзилар оғзаки келишув асосида тўлиқ пулини бериб қўяди. Сиз шу ерда ниманидир эсдан чиқардингиз? Ўйлаб кўринг-чи, нимани?.. Мен Сизга буни оддий мисоллар асосида тушунтиришга ҳаракат қиламан. Аввало ,  Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик талабларида  уй-жой  ҳамда автомашиналар билан боғлиқ битимларни фақат нотариал тартибда тузишга йўл қўйилади. Қўшнингизнинг ўзаро оғзаки келишуви асосида сотиб олаётган мол-мулкига нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келмайди.

Фуқаро ким бўлишидан қатъий назар,  сотиб олаётган мол-мулк сотувчига ҳақиқатда тегишли эканлигини, сотувчининг номига мулк ҳуқуқи вужудга келганлиги ва тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганлик ҳолатлари бўйича, мулкдорнинг вакили ишочнома орқали иштирок этаётган бўлса, ушбу вакил шундай ваколатга ҳақиқатда эга эканлигини, ишончномаси амалдалигини, мулкдор тириклигини, биргаликдаги никоҳ давомида орттирилган мол-мулк бўладиган бўлса эр ёки хотиндан бирини ушбу мулкни сотилишига нотариал тартибда розилиги борми ёки умуман сотувчини ўзи бўлган тақдирда ҳамда эр ёки хотини ушбу мулки сотилишига розими, розилик берадими? Сотилаётган мулкнинг бошқа шахсга ўтказилмаганлигини, гаровга қўйилмаганлигини, низода йўқлиги ва сотилиши тақиқланмаганлигини сўрамаймиз ёки нотариал идоралар орқали текширтирмаймиз, тегишли ҳуқуқий маслаҳат олмаймиз.

Кейинчалик нотариал идорага бориб мурожаат қиламиз, нотариусдан битимни тузишнинг имкони йўқлиги ҳақида асослантирилган рад қарорини оламиз.

Сабабини нотариусдан қидирамиз, унга норозилик билдирамиз.

Сиз мулкни сотиб олишдан , сотувчи билан ҳисоб-китоб қилмасдан олдин нотариусга бориш керак эканлигини, кейинчалик ушбу мулкни ўзингизнинг номингизга нотариал тартибда ўтказишга ҳеч қандай тўсиқлар йўқлигига аниқлик киритмагансиз. Тегишли тартибда маслаҳат олмагансиз. Бир сўз билан айтганда, ана шу оддий ҳақиқатларни унутгансиз.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 114-моддаси 1-қисмига мувофиқ ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларни вужудга келтирмайди ва у тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Шартномани бекор қилиш эса тўлиқ ёки қисман бажарилмаган шартномани ва унинг оқибатида вужудга келган тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини келгусида бекор қилишга қаратилган ҳаракатдир.

Бизнинг маслаҳатимиз —  ҳар қандай ҳолатда ҳам мол-мулк сотиб олишдан , сотувчи билан ҳисоб-китоблар қилишдан олдин, нотариусдан маслаҳат олинг.

Бизнинг мақсадимиз  фуқаролар сарсонгарчилигининг ҳамда келгусида келиб чиқадиган низоларнинг олдини олиш.

Саволга Сирдарё туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Барно ИСЛОМОВА жавоб берди.