САВОЛ: Яқин дугонам мендан 6 ой муқаддам 3 миллион сўм миқдорида қарз олганди. “Ишончли бўлсин”, деб пулни қарз сифатида олганлиги тўғрисида тилхат ҳам ёзиб берганди. Унинг эрта — индини тугамаяпти. Дугонам ёзиб берган “Тилхат”нинг ҳуқуқий кучи борми?

МАЛИКА М.

ЖАВОБ: Албатта, дугонангиз томонидан ёзилган ва унинг қарз олганлигини тасдиқловчи “Тилхат” юридик  оқибатларни келтириб чиқаради.Чунки тилхат оддий, ёзма шаклда тузилган ҳужжат ҳисобланади.

Фуқаролик кодексининг 733-моддасига кўра, фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар у қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий, ёзма шаклда тузилиши шарт. Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади. Яъни ушу ҳолатда сиз ва дугонангиз ўртасида қарз шартномаси тузилган.

Фуқаролик кодексининг 109-моддасига кўра , битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик, унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди. Бироқ, низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Тарафлар битимларнинг тузилганлигини, мазмуни ёки бажарилганлигини ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқлашга ҳақлидирлар.

Демак, сиз бу ушбу тилхатни асос қилиб, судда қарзни ундириш тўғрисида даъво қўзғатишингиз мумкин. Бундан ташқари , тилхатнинг мавжудлиги, сизга судда унинг мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқини беради.

 

Саволга Гулистон шаҳридаги “EMINOVA MASTURA” адвокатлик бюроси адвокати Мастура Эминова  жавоб берди.