Азиз бекажонларимиз янги йил дастурхонига атаб турли салатлар тайёрлайдилар.  Ушбу салатни тайёрлаш учун жуда кўп меҳнат ва вақт талаб этилмайди, асосийси озроқ хоҳиш бўлса бас. Ўйлайманки, ушбу салат нафақат кундалик дастурхонингизга балки байрам дастурхонингиз кўркига кўрк бағишлашига сира ҳам шубҳа йўқ.

Керакли маҳсулотлар (2 порция учун)

Қайнатилган мол гўшти 120-140 гр

Помидор 2-3 дона

Бодринг 1-2 дона

Кичикроқ олма 1 дона

Қизил булғор қалампири 1 дона

Зайтун 5-6 дона

Кунжут, туз, мурч ва шивит (укроп) таъбга кўра

Cоуси учун:

Кетчуп — 2 ош қошиқ

Майонез — 3 ош қошиқ

Аччиқ соус (лозижон, соус чили ёки аччиқ) — таъбга кўра.

Тайёрланиши: Қайнатилган гўшт, бодринг, олма ва қизил булғорини сомонча шаклида тўғраб оламиз (агар булғор қалампири катта бўлса яримтаси ҳам етади). Сўнгра кетчуп, майонез ва аччиқ соусни аралаштириб соус ҳозирлаб туғралган маҳсулотларга қўшилади ва таъбга кўра туз, мурч ва шивит солиб аралаштирилади.

Помидорни думалоқ юпқа парракларга кесиб ликопча атрофига териб чиқилади, бу нафақат салатга маза балки ўзгача бир кўриниш бериб туради. Тайёр бўлган салатни помидор ўртасига қоя мисол баланд қилиб солинади ва четларига ҳалқа шаклида тўғралган зайтун билан безаб устига кунжут сепиб дастурхонга тортиқ қилиш мумкин.