Тухум барак асосан Хоразм, Бухоро ва Навоий  вилоятларида тайёрланадиган таом бўлиб, миллий ошхонамизда ўз ўрнига ва мухлисига эга бўлган мазали таомлардан ҳисобланади.

Бу таомнинг ҳам ҳар ким ҳар хил услубда тайёрлашига шубҳа йўқ. Мисол учун, Бухоро вилоятида тухумга помидор, ошкўкатлар қўшиш урф тусига кирган бўлса, Хоразмда тухумга фақатгина сут, ўсимлик ёғи ва туз қўшишади. Агар барак (бўрак) тухумли бўлса юмуртқа барак, қовоқли бўлса кади барак, картошкали барак бўлса картошкали барак деб номланади. Керакли маҳсулотлар:

Хамир учун:

Ун- 200 гр

Тухум оқи – 1 дона

Сув – 100 мл

Tуз – таъбга кўра

Ичига:

Тухум – 4-5 дона

Сут – 100 мл

Ўсимлик ёғи – 2-3 ош қошиқ

Туз — таъбга кўра

Тайёрланиши:

Ҳар галгидек ишни хамир қоришдан бошлаймиз. Юқорида кўрсатилган маҳсулотлардан ўрта қаттиқликдаги хамир қилиб, тиниши учун олиб қўямиз. Хамир тингунча тухумбаракнинг ичига солинадиган маҳсулотни тайёрлаб олсак ҳам бўлаверади.

Тухумбарагимизнинг асосий мазасини берувчи ичига солинадиган тухумли қоришмамизни тайёрлаш учун аввало тухумларни чақиб, ийлаймиз. Унга сут ва ўсимлик ёғини қўшиб яна яхшилаб аралаштирамиз. Тузини ростлаб, кўкат ва зираворларни ҳам соламиз (кўкат ва зираворлар таъбга кўра солинади). Аралашма тайёр. Энди навбат хамирга. Тахминан 5-6 граммлик майда бўлакчаларга бўлиб зувала қилинади, зувалачалар тингач, жўва билан ҳар бири ёйилади ва ёпишиб  ҳамда қуриб қолмаслиги учун орасига озгина ун сепиб усти ёпиб қўйилади. Сўнг асосий ишга киришамиз. Бу таомни тайёрлашда баракни тугиш асосий босқич бўлиб ҳисобланади. Бундан олдинги таомлар сингари ушбу таомда ҳам ҳар ким ўз услубига таяниши мумкин. Яъни, хамирни қандай қилиб кесиш сизнинг истагингизга боғлиқ. Биз ўз услубимиз ҳақида маълумот бериб ўтишни жоиз деб топдик. Хамирдан жилдларни тайёрлашдан олдин каттароқ идишда сув солиб оловга қўйишни унутманг. Сувга озроқ туз ҳам қўшиб юборинг, ўртача  оловда қайнаб турсин.

Ёйилган хамирни тенг ярмидан буклаймиз ва ўртасида бироз жой қолдириб икки четларини қаттиқ қилиб босиб чиқамиз(шу ўринда бир нарсага диққат қилинг: хамир ёпишиб қолмаслиги учун ичига озроқ ун сепиш тавсия қилинади). Ҳамма хамирларимиздан шундай жилдчаларни тайёрлаб патнисга чиройли қилиб териб чиқамиз. Тухумбарак тайёрлашнинг сўнгги босқичига ҳам етиб келдик. Бу босқич ҳар бир пазандадан тезкорликни талаб этади. Тайёр жилдлардан бирини чап қўлингизга олиб ўрта қисмини очиб, 1-2 қошиқ тухумли аралашмадан соласиз (баъзилар тухумни чойнакка солиб, чойнак жўмрагидан қуйишни афзал билишади) ва қаттиқ ёпиштириб қайнаб турган сувга соласиз. Қолган жилдчалар ҳам шу тартибда идишга тушади. Қайнаб турган сувдаги бараклар сув устига кўтарилса демак барак пишган ҳисобланади. Тайёр бўлган тухумбаракларни човлида сузиб оламиз ва совуқ сувда бир чайиб оламиз, сўнгра бир-бирига ёпишмаслиги учун бироз ёғ суртамиз. Тайёр тухумбаракларни ҳар ким ўз таъб ва истагига кўра безатиб дастурхонга тортиқ қилиши мумкин. Кўп ҳолларда тухум баракка сут маҳсулотлари қаймоқ, қатиқ, сузма қўшиб дастурхонга тортиқ қилиш одат тусига кирган.

Манба — oshxona.uz