Ота-онам ва оиламиз билан Россияда эмас, ўз юртимизда бир бутун оила бўлиб яшашни орзу қилардим,-дейди Мафтуна Мамажонова.-Мамлакатимизда яратилган кенг имкониятлар, 2018 йил 7 июнда Президент қарори билан қабул қилинган “Ҳар бир оила –тадбиркор” дастури туфайли орзуимга эришдим. Шу жумладан жорий йил 7 мартда бу борадаги яна бир муҳим ҳужжат – “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши тадбиркорлигимни ривожлантиришда дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

 Мафтуна Мирзаобод туманидаги тадбирли, ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлардан. Мен эндигина 28 ёш остонасидан ҳатлаган “Маҳмуд қизи Мафтуна орзуси” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Мафтуна Мамажонованинг фаолияти билан танишгач, баъзиларга бир оз эриш туюлса-да мақолага “Бир қизга қирқ ҳунар оз…” деб сарлавҳа қўйгим келди.

Дастлаб ўз сармояси ҳисобига 20 та эчки сотиб олган Мафтуна чорвачилик хўжалигини ташкил қилди.“Агробанк” Мирзаобод туман филиалидан 10 олган миллион сўм миқдоридаги кредит маблағини эчкичиликни ривожлантиришга сарфлади. Икки ярим йил ичида эчкиларининг сони 235 бошга етди. Таъминотчи орқали эчки сотиб олган синчалакдек қизнинг ўзи оз фурсат ичида таъминотчига айланди.

-Эсимни танибманки, ота-онам пул топиш илинжида Россия давлатига кетишарди, дейди Мафтуна.-2012 йилда мен тиббиёт коллежини тамомладим. Шундан сўнг бутун оиламиз билан Россиянинг Омск шаҳрига ишлагани кетдик. Ота-онам ва оиламиз билан Россияда эмас, ўз юртимизда бир бутун оила бўлиб яшашни орзу қилардим.

Россияда Мафтуналар истиқомат қилишган оила аъзолари эчкичилик билан шуғулланишар экан. Тиббиёт коллежини тугатган Мафтуна уй эгалари — Андрей ота ва Наталья холаларнинг яқин кўмакчисига айланди. Тўрт йил мобайнида уларга эчки боқишда яқин кўмакчи бўлган  Мафтуна улардан эчкичиликнинг барча сир-асрорларини ўрганиб олди. Унинг Ўзбекистонга келиб қилган биринчи иши эчки сотиб олиш бўлди.

Укаси Шерзодбек унга кўмаклашиб юрди. Эчкиларни дастлаб ўз уйларидаги қўраларда боқишди. “Маҳмуд қизи Мафтуна орзуси” фермер хўжалигини ташкил этган қиз ўзига ажратилган 5 гектар ерни ўзлаштириб, бир қисмига беда экди. Бедазорнинг четларига тобора кўпайиб бораётган эчкилари учун қўра қурдирди. 1 гектар ерда анорзор ташкил қилиб, 1 гектар ерда узумзор барпо этди.

Бугунги кунга келиб оила аъзоларимизнинг Россияга бориб ишлашларига ҳожат ҳам қолмади,-дейди мамнунлик билан Мафтуна Мамажонова.- У ердагидан ҳам мўмай, баракали даромад олаяпмиз. Бунинг учун аввало Президентимиздан мамнунмиз. Чунки , 2018 йил 7 июнда Президент қарори билан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурининг қабул қилиниши ишимиз ривожига амалий ёрдам бўлди. Жорий йил 7 мартда давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса соҳани намунали ташкил қилиш ва ривожлантиришда дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Мафтуна нафақат етти кишидан иборат оила аъзолари – ота — онаси, акаси Омаджон, опчаси Донохон, укалари Раҳимжон ва Шерзодларни, балки 10 дан зиёд ҳамқишлоқларини ҳам  иш билан андармон қилиб қўйди.

У бу йил эчкиларининг 200 дан зиёдини сотиб улардан келган маблағ ҳисобига тикув дастгоҳларини сотиб олди. Янгиобод касб-ҳунар коллежидаги бўш турган хоналардан бир нечтасини ижарага олиб бирида тикув цехини очди. Дастлаб 2 та тикув дастгоҳи билан иш бошлаган қизнинг тикув дастгоҳлари айни дамда ўнтага етди. Келинлари Наргиза, келинойиси Ёрқинойлар ҳам ҳамқишлоқлари қатори мана шу цехда фаолият юритишиб, болалар ва аёллар кийим-кечакларини тикишмоқда. Цех чеварлари аҳолидан тушган буюртмаларни ҳам адо этиш эвазига оила бюджетига яхшигина даромад киритишмоқда.

Мафтуна доимо изланишда. Бирор янги ишга қўл урмаса кўнгли жойига тушмайди. У мазкур йилнинг январь ойида Омскдан тайёр иссиқхона олиб келиб уни Янгиобод касб-ҳунар коллежининг 1,5 сотихлик майдонига ўрнатди. Унда етиштирилган 3 минг туп бодринг кўчатлари даладаги  ўзлаштирган ерларига экилди. Ундан ташқари иссиқхонада помидор, булғор қалампири, билан бир қаторда турли хил ноёб гул кўчатлари ҳам етиштирилиб ички бозорга олиб чиқиляпти.

Янгиобод касб-ҳунар коллежининг ижарага олган хоналаринингбирида қурт тайёрлаш цехи фаолиятини ҳам йўлга қўйди. Цехда тўрт нафар қиз иш билан банд. Аҳолидан сотиб олинган сузмалардан тайёрланган  қуртларга  водийда талаб катта. Мафтунанинг таъкидлашича, ёзнинг айни жазирама иссиқ кунларида талабгорларга тонналаб қурт етказиб берилиб. Мавсумий ишчилар сони янада ортади.

Мафтуна яқинда яна бир янги сердаромад соҳага қўл урди. Унинг хўжалигида бугунги кунда 20 та туяқуш парвариши йўлга қўйилди.

Тадбиркорликнинг бир қатор йўналишлари бўйича самарали фаолият олиб бораётган бу қиз O`zLiDeP Cирдарё вилоят Кенгашининг Аёллар бўлими томонидан ўтказилган “Тадбиркор аёл” курик -танловининг Мирзаобод тумани босқичида ғолибликни қўлга киритиб, кўрик-танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди.

Ёш тадбиркорнинг ҳали яна қанчадан қанча янгиликларни амалиётга татбиқ этиши унинг шижоатидан ҳам сезилиб турибди…

 

Дилором ЭСОНОВА