Оила илмий-амалий татқиқот маркази Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Сабоҳат опа Зуннунова билан суҳбатда , оила бекалари ўртасида ўтказилган “Ибратли оила” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи шоҳсупадан ўрин эгаллаган боёвутлик Лайло Юлдашева, Ховос туманидан Лола Нуриддинова, Янгиер шаҳрирдан Фароғат Худойназарованинг оиласи билан яқиндан танишиб, ибрат қилиб кўрсатса арзигулик жиҳатлари ҳақида мақола ёзишимизни маслаҳат берди.

Биз Сабоҳат опанинг маслаҳатларига қулоқ тутган ҳолда, танлов ғолиби боёвутлик Лайло Юлдашева ва унинг оиласи билан яқиндан танишиш мақсадида Фарход маҳалласига йўл олдик. Лайло опа Юлдашевани ҳам, унинг турмуш ўртоғи Маматқул ака Эралиевни ҳам бу ерда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган боёвутликлар жуда яхши билишар экан.

– Маматқул камтарин, камсуқум, одамохун инсон, – дейди “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Тойир ака Маъмуров. – Бирон кишига товушини кўтариб ёки қаттиқ гапирганини эшитмаганман. Ажойиб врач. Иши тушиб бориб қолган кишининг масаласини ҳал қилмагунча тинчимайди. Лайлони эса болалигидан танийман, кўз ўнгимда улғайди. Шифохонада юқори малакали, қўли енгил ҳамшира сифатида, Фарҳод маҳалласи бошланғич хотин-қизлар қўмитасини бошқарганда ишчан, фаол, ташкилотчи кадр сифатида танилган қалби дарё, жонкуяр аёл.

Лайлонинг отаси, Худо раҳматига олгур отаси Холбўта ака ҳам, онаси Люция опа ҳам тилло инсонлар эди. Ҳамиша эл-юрт ташвишида бўлишган. Лайло ҳам уларга муносиб фарзанд бўлди. Жойлари жаннатдан бўлгурлар фарзандларининг барига ҳам жуда яхши тарбия беришган экан. Икковларининг ҳам қабрлари нурга тўлсин.

… Ўтган аср 50-йилларининг бошида армиядан йигитлик бурчини ўтаб қайтган, асли зоминлик Холбўта Юлдашев, ўша давр талабига кўра комсомол йўлланмаси билан Мирзачўлни ўзлаштириш сари ҳайдовчи сифатида сафарбар этилди.

Тақдирни қаранг, дунёнинг бошқа бир чеккаси – Россиянинг Омск шаҳридан худди шундай йўлланма билан Люция опа Сабитова ҳам комсомол қурилиш бригадасида чўлни ўзлаштиришга йўлланди.

Баланд бўйли, ҳарбийдан кийиб келган гимнастёркаси ўзига ярашган, хуш бичим, аммо камгап, камсуқум Холбўта, ёш, хушчақчақ, чаққонгина, қурувчиликни ўзига касб қилган, татар қизи Люцияни ёқтириб қолди. Қалблари-қалбларига, диллари-дилларига тўғри келиб, ёшлар севишиб, турмуш қуришди. Юлдашевлар оиласида 4 ўғил, 4 қиз дунёга келди.

Юлдашевларнинг барча ўғиллари ота изидан бориб, ҳайдовчилик касбини эгаллашди. Тўнғичи Тоҳир ака ҳайдовчиликдан нафақага чиқиб, ҳозирда оиласи билан Янгиер шаҳрида истиқомат қилади. Иккинчи ўғли Рафик оиласи билан она юрти Россияда истиқомат қилади,  у ҳам отасининг изидан бориб ҳайдовчилик қилмоқда. Катта қизи Гулнора, кейинги ўғиллари Эльбрус ва Нуриддинлар эса турли сабабларга кўра ҳаётдан бевақт кўз юмган.

Юлдашевларнинг қизлари Лайло, Индира ва Раъно туғилиб ўсган жойлари – Боёвут тумани Фарход маҳалласида ўз оилалари билан бахтли ҳаёт кечиришмоқда.

– Лайло опа ажойиб ташкилотчи, меҳрибон, сахий феълли инсон, – дейди қўшнилардан бири Матлюба Эрбекова. – Кўчамизда кимнинг тўйи, маракаси бўладими у шу ерда, бош-қош. Маросимларимизга бошқа жойдан келганлар: “Бу кўчада барча қариндош-уруғлар истиқомат қиладими, дейман?” деб ҳайратга тушишади. “Йўқ, ундан ҳам яқинроқ, қўни-қшнилар” деб жавоб берамиз. Бу интибоҳлигимизнинг бош сабабчиси, ташкилотчиси, бошимизни бириктириб юрган Лайло опа бўлади.

– Лайло опа ва Маматқул ака оиласини биз ёшларимизга маҳалламиздаги энг ибратли оила деб ҳамиша ибрат қилиб кўрсатамиз, –  дейди Фарход маҳалласида истиқомат қилувчи қўшниларидан яна бири Бибигул Норматова. – Мана ҳақиқат бор экан, Лайло опа “Ибратли оила” кўрик-танловида нафақат маҳаллада, туманда, балки вилоятда ҳам энг ибратли оила бекаси деб тан олинибди. Бу ютуқни эшитиб қувончимиз ичимизга сиғмади. Бу биз маҳалладошлар учун жуда катта фахрку, ахир. Лайло опа бугун маҳалламизни вилоятга танитган бўлса, эртага республикага ҳам танитишига, биз қўшниларнинг ишончимиз комил.

– Маҳалладошларимиздан бирортаси моддий ёки маънавий жиҳатдан қийналиб қоладими, биринчи бўлиб ёрдамга Лайло етиб боради, – дейди бошқа бир қўшниси Садора Каримова. – Ҳайит байрамларида кам таъминланган, ётиб қолганларни совға-саломлар билан уйига бориб, ҳолидан хабар олади. Иккита нон топиб келса, биттасини қўшниларга улашадиган ана шундай сахий, аллома аёл Лайло.

Маматқул ака ва Лайло опаларнинг хонадонига кири бборганимизда, бизни хуш кайфият билан унинг синглиси Индира Юлдашева қарши олди.

– Ўша давр шифокорлари даражасининг пастлигими, шифохоналаримизнинг ночорлиги сабабми, дори-дармон ва зарур тиббий ускуналар етишмаслиги туфайлими автоҳалокатга учраган дадам операциядан чиқмай 41 ёшида оламдан кўз юмди, – дея хотирлайди Лайло опанинг синглиси Индира Юлдашева. – Кейин Гулнора опам шифокорларнинг нотўғри муолажасидан, Нуриддин укам хорижда овқатдан заҳарланишдан қазо қилди. Эҳтимол ана шу нохуш воқеалар сабаб бўлиб опам ҳамширалик касбини танлаган бўлса ажаб эмас. Менга ҳам, энг кенжа синглимиз Раънога ҳам Лайло опам барча жабҳада ўрнак бўлиб келган. Биз доим унга ўхшашга ҳаракат қилардик. Эҳтимол, шундан унинг изидан бориб, иккаламиз ҳам ҳамшираликни танлагандирмиз.

Гулистон тиббиёт техникуми(ҳозирги Гулистон тиббиёт коллежи)ни битирган ёш Лайло, ўша даврнинг талабига кўра  3 йил ишлаб бериш шарти билан Ховос туманининг тоғли ҳудуди бўлган Баландчақир қишлоғи(ҳозирги Жиззах вилоятининг Янгиобод тумани)даги «Ҳавотоғ»сиҳатгоҳига ишга йўлланди.

Иш фаолиятини бошлаган жойида уни тақдир йўлдоши ҳам кутиб турган эканми, санаторийнинг энг иқтидорли врачларидан Маматқул Эралиев билан танишиб қолди. Лайло туғилиб ўсган   Фарход маҳалласида уларнинг тўйи бўлиб ўтди.

– Мана, салкам 35 йилдан бери Лайло билан бир ёстиққа бош қўйиб келамиз, – дейди Лайло опанинг турмуш ўртоғи, Маматқул ака Эралиев. – 2 ўғил, 1 қизимиз бор. Худога шукур, шуларнинг ортидан 8 нафар набирали бўлдик. Вафот этган опаси Гулноранинг ўғли Азизни, автоҳалокат туфайли қазо қилган укаси Эльбруснинг ўғли Жонибекни, раҳматли холасининг қизи Зинаидани асраб олиб, ўзимиз ота-оналик қилдик.

Аёл сифатида Лайло меҳрибон она, вафодор ёр, қўли гул чевар, ажойиб пазанда. Мутахассис сифатида у ўз касбини ардоқлайдиган, ўзи устида мунтазам ишлайдиган ажойиб тиббиёт ходими. Туман марказий касалхонасида ишлаб юрган кезларимизда, Россияга бориб болалардаги туғма фалаж касаллигини уқалаш, физиотерапия ва электрофарез усули билан даволаш курсида ўқиб келди. Нафақага чиққан бўлсада, ҳали ҳамон унга беморлар келиб даволаниб туришади.

Маматқул ака ва Лайло опанинг фарзандлари Бахтиёр, Аҳмадиёр, Златахон ва тутинган ўғиллари Азизбеклар уйли, жойли, касб-корли. Бахтиёрнинг турмуш ўртоғи Нигора билан бир қизи, бир ўғли бор. Бахтиёр туманда ёввойи ва дайди ҳайвонларни овлаш бўлинмаси бошлиғи. Аҳмадиёрнинг ҳам жуфти ҳалоли Гулбаҳор билан 2 қиз, 1 ўғили бор. У тадбиркор, оиласи билан Самарқанд шаҳрида истиқомат қилади. Ҳам врач, ҳам муҳандис Златахон эса турмуш ўртоғи Азизбек билан Гулистон шаҳрида яшайди. Уларнинг икки нафар қизи бор. Тутинган ўғли – Азиз ҳозир Россияда ҳайдовчилик қилаяпти. Унинг ҳам 1 нафар фарзанди бор. Тутинган қизи Зинаида ва тутинган ўғли Жонибеклар иш билан банд,  ҳозирча турмуш қуришганича йўқ.

– Мен, Севара Султонова,  Ширин шаҳрида яшайман, – дейди Лайло опанинг муолажа хонасидан ўғли билан чиқиб келган жувон. – 6 ёшли ўғлим Темуржон туғма фалаж касали билан дунёга келганди. Қўл-оёғи ишламас, гапира олмасди, юзи ҳам қийшиқ дунёга келганди. Шифохонама-шифохона олиб юришга иқтисодимиз кўтармади. Бир қўшним, Боёвут марказий шифохонасида Россияда шунақа касалларни даволашга ўқиб келган Лайло опа деган ҳамшира бор, ўғлингизни ўша даволайди, ўшанга олиб боринг”, деб маслаҳат берди.

Опа Темуржонни 3 ойлигидан бери даволайди. Нафақага чиққан бўлсаларда уйларида муолажа қилдилар. Худога шукур, мана кўриб турибсиз, ўғлим мен билан бирга ўзи келиб кетаяпти. Бемалол гапиради. Юзи ҳам анча тўғри бўлиб қолди. Энди ҳар 3 ойда бир марта муолажа оламиз. Бағри кенг, меҳридарё,  саховатли инсон – Лайло опанинг қўли асло дард кўрмасин. Шундай олийжаноб инсонларнинг борига минг шукур.

Маматқул ака билан сўрида суҳбат қуриб ўтирганимизда, ичкари, яъни муолажахонасидан басавлат, тўлалиги ўзига ярашган, кўзлари катта-катта, оқюзли, хушмуомала аёл, гавдасига хос бўлмаган чаққонлик билан яқинимизга келиб, ўнг қўлини кўксига қўйганча биз билан саломлашди ва “Хуш келибсизлар!” дея енгилгина таъзим қилди. Маматқул ака кулимсирагунча: “Хонадонимизнинг фариштаси, кўнглимизни ҳам, оиламизнинг ҳам бекаси – Лайло опангиз шу киши бўлади-да”, дея бизни таништирди.

Опа билан анча суҳбатлашдик. Лекин бирор марта, “Мен ундай қилиб қўйдим, мен бундай қилиб қўйдим” деган жумлаларни ишлатмади. Нуқул, Президентимиз раҳнамолигида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг жойларда бераётган самаралари, ҳудудларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, маҳалладаги ободнчилик, ажойиб қўни-қўшнилари ҳақида гапирди. Ўзи ҳақида гапириб беришини сўраганимизда:

– Ноҳақлик, адолатсизлик, ёлғонни ҳечам жиним суймайди, – дейди Лайло Юлдашева. – Ночор, имконияти чекланган кишиларни кўрсам, уларга бирор ёрдам кўрсата олмасам, шу кеча уйқум келмайди, тинчим йўқолади. Ким бўлишидан қатъий назар ҳар қандай кишининг айбини кўрсам ҳам, ютуғини кўрсам ҳам юзига айтиш одатим бор. Беайб парвардигор, нима қилай, бу одатимни кўпчилик ёқтирмаслигини биламан. Лекин, «тарки одат, амри маҳол», деганлари шу бўлса керак-да. Боримиз шу, мухбир ука, шундай деб ёза қолинг.

Камтаринлик ҳам инсоннинг бебаҳо зийнати, дейишади. Лайло опага ўхшаган ана шундай инсонларга ибратли оиланинг ибратли бекаси бўлиш ярашади.

Шу хислатларингиздан қолдирмасин, одамларга яхшилик қилишдан асло чарчаманг, Лайло опа!

Абдужалол ҚАЮМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси