Гулноза Маматқулова Зулфия Давлат мукофотининг вилоят босқичига ўз иқтидори, спортда эришган ютуқлари эвазига, танловнинг қуйи босқичида 3000 нафар қизлар орасидан ғолибликни қўлга киритиб, 74 нафар номзод қизлар билан бирга вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Гулноза Маматқулова  1993 йил Боёвут тумани Дўстлик маҳалласида, оддий меҳнаткаш оилада тавваллуд топди. 6-7 ёшидан сўнг оёқлари ривожланмай қолди. Отаси Тоҳир ака, онаси Муслима опа Мамадалиевалар қизини кўрсатмаган шифохона қолмади. Тақдир экан,  Гулноза ногирон бўлиб қолди.

8-синфгача Боёвут туманидаги 26-сонли умумтаълим мактаби ҳисобидан уйида, ундан сўнг Гулистон шаҳридаги 11-сонли мактаб ҳисобидан қариндошлариникида ўқишни аъло баҳоларга тамомлади.

Гулноза таҳсилни шаҳарга келиб давом эттиргач, жамиятда ўз ўрнини топди. Жисмонан ногирон бўлиб қолган бўлсада, руҳан тетик Гулноза Дилдора Раҳимова  мураббийлигида спортнинг армрестлинг тури билан шуғуллана бошлади.

– Гулноза ҳақиқий истеъдод соҳибаси, туғма спортчи, – дейди унинг мураббийи Д.Раҳимова. –  Ана шу истеъдод, машаққатли меҳнат, тинимсиз машқлар туфайли у  спорт устаси унвонини олди. Кўп бора Ўзбекистон, 5 карра Осиё чемпиони, бир неча бор Осиё кубоги сохибаси бўлди. Жаҳон чемпионатида озроқ тажриба етишмай, тўртинчи ўринни қўлга киритди. Гулноза ҳали ёш уни катта зафарлари ҳали олдиндалигига ишонаман.

Дарҳақиқат, Гулноза фақат спортнинг армрестлинг тури билан шуғулланиш билан чекланмади. Унинг бақувват билакларини кўрган байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича вилоят терма жамоаси мураббийи Дилшод Йўлдошев Гулнозани шу спорт турида ҳам ўз кучини синаб кўришга таклиф қилди.

У адашмаган экан. Тинимсиз машқлар ўз самарасини берди. Бир йилга қолмай Гулноза халқаро аренада ҳам ўз сўзини айтишни уддалади.

2017 йил ногиронлар ўртасида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Самарқанд шаҳрида ўтган Осиё чемпионатида 1-ўринни эгаллаб, Осиё чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди ва мусобақанинг олтин медали билан тақдирланди.

– Мамлакатимиз Президентининг ташаббуси билан Зулфия Давлат мукофоти кўрик-танловида иштирок этиш 30 ёшгача қилиб белгилангани, биз каби қизларга жуа катта руҳий далда бўлди, – дейди Гулноза Маматқулова. – Мен танловда қандай натижага эришишимдан қатъий назар, келажакда Жаҳон спорт ареналарида ғалабаларим шарафига мамлакатимиз байроғини баланд ҳилпиратиб, давлатимиз мадҳияси янграши учун бор имкониятларимни ишга соламан.

А.ҚАЮМОВ