Маҳорат, тажриба ва меҳр уйғунлашган жойда ҳамма вақт кўзланган мақсадга эришади ва барака топади киши.

Малоҳат Абдуназарова ана шундай ўз меҳнатидан обрў ва барака топаётган пиллакорлардан бири. У киши куп йиллардан буён Оқолтин туманидаги Алишер Навоий маҳалласида яшайди. Оиласининг аҳил-иноқлигига ҳамма ҳавас килади. Беш нафар фарзанди, суюклари набиралари бор. Келинлари Мухлиса, Наргиза , Маҳлиёлар ҳамиша Малоҳат опанинг яқин кўмакчиси. Қўл-оёғи чаққон келинлар юқори сифатли пилла етиштиришда онажонларига ёрдам беришади. Малоҳат Абдуназарованинг хонадонида бўлганимизда, уйларнинг тўрини эгаллаган  ипак қуртлари учинчи уйқудан туришган экан.

-14-15 ёшимдан ипак  қурти уруғини парваришлайман, -дейди Малохат опа. — Бу ишнинг сир-асрорларини аввал онам Раҳимахондан ўрганган бўлсам, кейинчалик қайнонам Умихондан пухталадим. Кўз илғар-илғамас ипак қурти уруғи кўз олдингизда жонланиб, оппоққина пиллага айланишининг ўзи мўъжиза. Бунинг ўзига яраша гашти бор. Тут баргларини майдалаб бериб, намлигини меъёрида сақлаб, ҳароратини бир хилда сақласангиз пилладан мўл ҳосил оласиз.

Малоҳат опа Абдуназарова қўлини қовуштириб ўтирадиганлардан эмас. Пилладан мўл ҳосил олиб, давлатга топширгандан сўнг » эндиги навбат пахта теримига» деб шай турибди. Ана шундай фидойи хотин-қизларимиз бор экан,  деҳқонларимиз етиштирган ҳосиллари ерда қолмайди, юзлари ёруғ бўлади.

Муяссар Пардаева,

Оқолтин тумани