Бугун юртимизда ёшларнинг ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз иқтидор ва салоҳиятларини намоён этишлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилган. Бу борада вилоятимизнинг барча туман-шаҳарларида ёш авлоднинг жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар бўлиб камолга етиши, истеъдод ва салоҳиятини тўла намоён этиши учун замонавий шароит ва кенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Гулистон шаҳрида яшаб ижод қилаётган ёш санъатсевар қиз Жасмина Раимова  иқтидорли ёшларимиздан. Унинг қизиқишлари жуда кўп: адабиёт, маданият, санъат, таълим, фан, спорт, ҳунармандчилик ва пазандачилик бўлишига қарамай, барчаси билан шуғулланишга вақт ва имкон топа олади.

Фаол ва жамаотчи сифатида ўрта мактабда, мусиқа ва санъат мактабида, шаҳар, вилоят миқёсидаги кўплаб танлов ва кўргазмаларда қатнашади.

Жасмина болалигиданоқ тўқувчиликка меҳр қўйди, ушбу ҳунарнинг сир-асрорларини пухта ўрганишга интилди. Тўқишни ўрганишда унга онаси биринчи устоз бўлди, тўқишдаги ҳар бир ҳаракатни диққат билан кузатиб, тез орада тўқувчилик сирларини ўзлаштириб олди. Жасминанинг ўзи ва яқинлари учун тўқиган кийим-бошлар кўрган кишининг ҳавасини келтиради. Шунданми,  изланувчан, интилувчан ва тиришқоқ қиз қатор ютуқларни қўлга киритди.

– Қиз боланинг ҳунари – кўрки.  Ҳунарли, эпли қиз эл-юртга, оиласига саришталик, қут-барака ва кўркамлик бахш этади, жамиятга фойдаси тегади.  Давлатимиз томонидан биз, ёшларга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликдан беҳад мамнунмиз, – дейди Гулистон шаҳридаги 1-сонли болалар санъат ва мусиқа мактаби ўқувчиси Жасмина Раимова. – Замонавий қиз нафақат иқтидорли ва билимли, балки  пазандачиликдан, тикувчилик, тўқувчиликдан ҳам хабардор бўлиши, замон билан ҳамнафас бўлиши керак.

Ҳа, замон билан ҳамнафас бўлишга интилган Жасмина тўқувчилик соҳаси бўйича интернет орқали ва халқаро журналлардан янги, замонавий моделларни кўриб, ўрганиб, мунтазам равишда ўз малакасини ошириб боради.

 

Дилфуза Жарбекова.