Юртимизда тадбиркорликка кенг йўл очиб берилгандан буён  хусусий тадбиркорлик билан шуғулланувчиларнинг кўлами кенгайиб, мамлакатимиз иқтисодига ўзининг залворли ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ватан равнақида аёл тадбиркорларнинг ҳам ўз улуши борлиги кишини қувонтиради. Мана шундай ақлу-фаросати, аёллик ибоси, оналик меҳри, вафоли ёр шижоати билан ҳам оилани тебратаётган, ҳам хусусий тадбиркорликни ривожлантираётган тадбиркор аёл Шоира Шаматова бугунги кунда хусусий ғишт заводида иш юритиб келмоқда.

Сифатли пишиқ ғишт ишлаб чиқариш йўлга қўйилган“Сайхун ғишт қурилиш” заводи 2012 йилда ташкил топган бўлиб, унга Олимжон Шаматов асос солган. Мамлакатимизда инвестиция учун кенг қулайлик яратилгандан унумли фойдаланган хитойлик инвесторлар томонидан завод ташкил этиш таклифи киритилди. Бу таклифдан руҳланган Олимжон Шаматовнинг саъй-ҳаракатлари билан Хитой халқ республикасидан ғишт заводи учун асбоб ускуналар, зарур жиҳозлар келтирилди, махсус хумдон қурилди.  10 гектар майдонда жойлашган ушбу завод йилига ўртача 2,5 млн. дона ғишт ишлаб чиқаради. Ундан 1 млн. 600 минг донаси намунавий уйлар қурилиши учун етказиб берилди. Заводдаги барча ишлар, токи ғишт хумдонга боргунга қадар замонавий технологиялар асосида бажарилади ва 30 нафар ишчи доимий иш билан таъминланган. Бу ерда иш ўргатиш учун келган хитойлик ишчилар билан Шоирахон ўрни келса, таржимонсиз суҳбатлашади, иш жараёнида юз берган муаммоларни ҳал қилади, ғишт ташийдиган кичик машиналарни ҳам бемалол бошқара олади.

Асли касби ҳамшира бўлган ота-она хизматига камарбаста фарзанд Шоирахон ҳозирда ушбу ғишт заводида иш юритиш билан бирга 4 нафар фарзандини турмуш ўртоғи Икромжон билан бирга тарбиялаб келмоқда. Оилада меҳрибон она, вафоли ёр, шунингдек, тумандаги энг энг фаол аёллардан ҳисобланган Шоирахон — Мустақиллиги-мизнинг 22 йиллиги муносабати билан вилоят Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган анъанавий аёллар спорт спартакиадасида “Энг интилувчан иштирокчи” номинациясига лойиқ деб топилди ва фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Олманинг тагига олма, ўрикнинг тагига ўрик тушади, деганларидек, интилувчан онанинг фарзанд-лари ҳам интилувчан иқтидорли болалардан. Ҳар ишни удда қилувчи онанинг берган тарбияси ва саъй-ҳаракатлари туфайли фарзанди Шаҳризода Абдураҳмонова «Янги авлод -2012» республика болалар ижодиёти кўрик-танловида фортепиано чалиш бўйича вилоят босқичида энг жажжи иштирокчи сифатида фахрли ўринга сазовор бўлган. Бундан ташқари, бадиий гимнастика бўйича республика ва вилоят миқёсида ўтказилаётган спорт мусобақаларида фахрли ўринларни қўлга киритиб вилоятимиз шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ўғли Ойбекжон шаҳримиздаги ҳарбий мактабда таҳсил олади.

Бежиз Шоирахонни уддабуррон деб атамадик, чунки у замонавий спорт тури бўлмиш шейпинг билан шуғулланади. Сайхунобод туманида тадбиркор Улуғбек Ниёзов томонидан барпо этилган спорт комплексида спортнинг бокс, бадиий гимнастика, кураш, шейпинг турлари бўйича шуғулланиш мумкин. Шоирахон туман ёшларига мана шундай шароит яратиб берган тадбиркор Улуғбек Ниёзовга газета орқали миннатдорчилик билдирар экан, фарзандининг бадиий гимнастика бўйича эришган ютуқларида мана шу спорт мажмуасининг ўрни катта эканини таъкидлайди. Шоирахонни ҳамқишлоқлар билан ҳамфикр, ҳамнафас, заруратда қўни-қўшнилар билан кирди-чиқдини ўрнига қўяди, таниш-билишлардан бир оғиз ширин сўзини аямайди, тўй-ҳашамларда, байрамларда бемор ётган ёки ёши улуғ инсонларан хабардор бўлиб туради. Саховатли, зиёга интилувчан бу аёл  тумандаги 10 нафар аёлга газета обунаси учун ҳомийлик қилди.

Ҳар ишда бекаму-кўст бундай инсонлар ҳақида қанча сўзласак оз. Шоирахоннинг асл мақсади фарзандларини эл корига ярайдиган, ватан манфаати учун хизмат қиладиган инсонлар қилиб вояга етказиш.

 

Гавҳар бойқулова.