Раъно

Мамлакатимизда тадбиркорликка, айниқса хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилди. Мана шу имкониятлардан ўз вақтида фойдалана олган ёшлардан бири Раъно Нишонова дастлаб фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор-тикувчи сифатида бошлаган. Раъно бунда асосан қизларга устоз шогирд анъанасига кўра тикувчилик сирларини ўргатарди.

Ишлари самараси ўлароқ Раъно тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришни ният қилди ва кўпроқ ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида 2010 йилда «Гули Раъно нур жилоси» хусусий корхонасини очиб, ўз уйида мебель ишлаб чиқариш ва сотишни йўлга қўйди.

Ёш тадбиркор ишлаб чиқараётган мебеллар харидоргирлиги учун ишлаб чиқариш жараёни кенгайди, ишчилар сони ва ишлаб чиқариш ҳажми ошганлиги учун янги бинога кўчишни режалаштирди. У 2011 йилда Давлат мулк қўмитасининг Сирдарё вилояти бўлими тавсияси билан собиқ «Гўдаклар уйи» биносини уч томонлама шартнома асосида ижарага олиб, мазкур ташландиқ ва эски, нураб ётган бинони 30 млн. сўм ўз маблағ эвазига таъмирлади. Хом ашё маҳсулотларини сақлаш учун айвон, ишчилар учун ётоқ хоналари ва ошхона, ювиниш хоналари яроқли ҳолга келтирилди. Шунингдек, корхона бошлиғи аҳил жамоа билан биргаликда бино атрофини ободонлаштирди, кенг ҳовлига дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди.

Бугунги кунда «Гули Раъно нур жилоси» хусусий ишлаб чиқариш корхонаси вилоятда таниқли мебель ишлаб чиқариш корхоналаридан бирига айланиб улгурди. Тадбиркор аёл ишлаб чиқараётган мебеллари сифати жиҳатидан жаҳон андозаларидан қолишмаслиги учун жон куйдириб ишлаяпти. У барча мебеллар дизайнини ўзи яратади, ўзи аёл, она бўлганлиги учун уй бекаларию фарзандларимизга қулай, сифатли, шу билан бирга чидамли мебеллар ишлаб чиқариш учун ЛДСП, акрил, юмшоқ мебеллар учун поролондан фойдаланишни маъқул кўради.

— Мебелчилик соҳасида дастлаб фаолиятимизни ошхона ва болалар учун мебеллар ишлаб чиқаришдан бошлаган эдик, — дейди Раъно. — Эндиликда мебелларимиз турлари янада кўпайди, ётоқхона, меҳмонхона, болалар хонаси, ошхона, офис ва таълим муассасалари учун турли мебеллар ишлаб чиқармоқдамиз. Мақтанмайман, аммо маҳсулотларимиз сифати жиҳатидан ҳар қандай импорт мебеллардан қолишмайди. Муҳташам тўйхона ва кафеларни безаб турган мебелларимизни кўрганда кўнглим ғурурга тўлади.

Ҳозирда корхонада 10 киши доимий иш билан таъминланган бўлиб, аҳил жамоа келгусида иш кўламини янада кенгайтиришни мақсад қилган. Тайёр маҳсулотлар Гулистон шаҳридаги «Сайхун» савдо мажмуаси, Гулистон ёйма бозори ҳудудидаги фирма дўконларида сотилмоқда.

Тадбиркорликни кенгайтириш ва иш ўринларини яратиш мақсадида касаначилик ҳам йўлга қўйилди. Бунда Раънодан тикувчилик сирларини ўрганган саккиз нафар хотин-қизлар уйларида юмшоқ мебелларга ғилофлар тикиш билан шуғулланишмоқда. Бу эса яна саккиз нафар аёл иш билан таъминланиб ўз оилалари бюджетига ҳисса қўшиб келмоқда деганидир. Эндиликда мебель турлари сонига юмшоқ жиҳозлар  ҳам қўшилиб, вилоятимиздаги хонадонлар, ишхона ва офисларни безаб турибди.

Иш бор жойда камчиликлар ва тўсиқлар бўлганидек «Гўдаклар уйи»нинг эски биноси ишга тушганидан сўнг унинг қўштирноқ ичидаги эгалари чиқиб Раъно Нишонова, Мулк қўмитаси ҳамда «Гўдаклар уйи» томонидан имзоланган шартнома қалбаки эканлигини ва ҳеч қандай кучга эга эмаслигини ва бу харажатлар асоссиз сарфланганини айтиб, бинога даъво қила бошлашди ва 2005 йилги қарорга асосан бинони 10 кун муддат ичида бўшатиб қўйишларини талаб қилишди. Аммо Раъно ҳам бўш келмади,  вилоят ҳокимлигига мурожаат қилиб, ёрдам сўради. Вилоят ҳокимлиги томонидан бу иш кўриб чиқилди. ҳурматли Юртбошимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида бўш турган биноларни ноль қийматда бериш йўлга қўйилганидан сўнг вилоят ҳокимлиги томонидан Раънога ёрдам тариқасида 300 млн. сўм инвестиция киритиш шарти билан бинони ноль қийматда бериш бўйича иш олиб борил-япти.

Тадбиркор Раъно Нишоновани саховатпеша аёллардан десак адашмаймиз. Аммо «ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин» қабилида иш кўрадиган Раъно ўзининг савобли ишларини ошкор қилишни истамайди. Шу сабабли, бу ҳақда маҳалла фаолларидан сўраганимизда, Раънохон кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиб келаётганини, вилоят Гўдаклар уйидаги 5 нафар болаларнинг хатна тўйларини ўтказишга ҳисса қўшганини, 9 май «Хотира ва қадрлаш куни» муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини йўқлаб, совға сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари бериб келаётганини билиб олдик.

Раъно Нишонова тадбиркорлик билан бир қаторда фарзандлари тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Унинг кичик жуссасида буюк бир ирода мужассам, бу ёшгина аёлнинг олти нафар фарзанднинг онаси эканлигини билган киши ҳайрон қолади. Фидойи аёл икки нафар фарзанди билан бир қаторда вафот этган укаси ва синглисининг тўрт нафар ўғил-қизларини ҳам тарбияламоқда.

— Фарзандларимнинг ҳар бири ўзгача олам,- дейди биз билан суҳбатда меҳрибон она. — Катта ўғлим Ҳожиакбар мактабни битириб коллежга кириш арафасида турибди мен унинг янги ҳаётга қадам қўйишида ўз маслаҳатларимни аямайман, укалари Асилбек ва Бону мактабда аъло баҳоларга ўқиш билан спорт тўгарагига қатнашади. Ёдгорабегим, Оятилло, Робиябону боғча тарбияланувчилари. Уларнинг ҳам ака-опалари сингари униб-ўсишлари учун бор куч ва меҳнатимни аямайман.

Шу кунларда Раъно Нишонова ишлаб чиқариш биноларини тўлиқ реконструкция қилиб, замонавий дастгоҳлар келтириш ва мебель ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ҳаракатида. Жамиятимизнинг бундай фидойи ва ишбилармон аёллари бор экан, аёл ва қизларнинг жамиятдаги ўрни ҳамиша баланд бўлғусидир.

Гавҳар БОЙҚУЛОВА.